Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тежамкорлик ёки зиқналик

00:20 / 03.07.2020 | YOKUB SANAEV | 1599

Ассалому алайкум! Менга тежамкорлик ва зиқналик фарқи ҳақида кенгроқ тушунтириб берсангизлар. Яни мен болалигимдан кўп нарсадан тежамкорлик билан фойдаланишга ўрганиб қолганман. Лекин базида яқинларим сен зиқнасан дейишади. Ўзим ҳам базида зиқналик қилмаябманми деб ўйлаб қоламан. Мени ушбу шубҳаларимга барҳам беришга ёрдам беринг тежамкорлик ва зиқналик фарқини кенгроқ қилиб тушунтириб берсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Молининг закотини берган инсон бахиллик чегарасидан чиққан бўлади. Қолганига саҳоват зинпоялар бошланади. Аллоҳ саҳийларни яхши кўради, охиратда уларга берадиган ажрлари чексиз. Зинадан қанчалик юқорига кўтарилсангиз жаннатдаги даражаларингиз ҳам юқори бўлади. Аллоҳ таоло "Ҳашр" сурасида марҳамат қилади:  

 وَالَّذِينَ تَبَوَّؤُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِن قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِّمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ۝ 

9. Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир.
Мадиналик мусулмонлар Набий алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «ансор» деб номланганлар («носир», яъни «ёрдам берувчи» сўзининг кўплик шакли). Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.
«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар».
Ансорлар Мадинада, яъни биринчи Ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келгунга қадар ҳам яшаганлар ва Исломга, иймонга ихлос қўйганлар. Уларнинг ихлосу эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини ўзларининг юртлари – Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар.
Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлганлар.
«...ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар».
Набий алайҳиссалом «қайтарилган мол»дан муҳожирларга бериб, уларга бермасалар ҳам, ансорлар заррача гина қилмаганлар. Ҳасад нималигини билишмаган.
Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга берганлар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини. Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳга: «Эй Аллоҳнинг Расули, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», – дея арз қилишган. Шунда Набий алайҳиссалом: «Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», – деганлар.
Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни (шу номдаги ҳозирги диёрни) бермоқчи эканликларини айтганларида, ансорлар: «Муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ», – дедилар».
Аллоҳ таоло «ҳасад қилмаслар», деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳ бировга берган неъматга ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканини билиб қўймоқ лозим. Ансорлар ана шундай улкан фазилатга эга эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал улкан саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом билан ўтирган эдик. У киши: «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», – дедилар. Соқолларидан таҳорат суви оқиб турган бир ансорий киши кириб келдилар. Кавушларини чап қўлларига ушлаб олган эканлар. Эртасига Набий алайҳиссалом худди шу гапни яна қайтардилар. Яна кечаги киши ўша ҳолатида кириб келди. Учинчи куни яна худди шу ҳолат такрорланди. (Мажлис тугаб) Набий алайҳиссалом туриб кетганларидан сўнг, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс ҳалиги ансорийга эргашди ва: «Отам билан айтишиб қолиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичган эдим, уч кун сизникида турсам, майлими?» – деди. Ҳалиги киши розилик билдирдилар. Кейинчалик Абдуллоҳ ўша уч кун қандай кечганини бундай ҳикоя қилиб берган.
«Уникида уч кун ётдим. Кечаси ҳеч ортиқча ибодат қилганини кўрмадим. Фақат у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилганда Аллоҳнинг зикрини қилар ва такбир айтар эди, холос. Сўнг Бомдод намозига турарди. Уч кун давомида ундан фақат яхши сўз эшитдим. Лекин ҳайрон бўлдим, «Наҳотки жаннатий бўлиш учун шу амалларнинг ўзи етса», деб юборишимга сал қолди. Унга қараб:
– Эй Аллоҳнинг бандаси, отам иккимизнинг ўртамизда ҳеч қандай гап ўтгани йўқ. Лекин Расулуллоҳнинг уч маротаба «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», деганларини эшитдим. Уч марта ҳам сен кириб келдинг. Сен билан яшаб, амалингни ўрганиб, сенга эргашмоқчи бўлган эдим. Ҳеч бир катта амал қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ айтган мартабага сени нима эриштирди? – дедим. У:
– Ўзинг кўргандан бошқа ҳеч бир амалим йўқ, – деб жавоб қилди. Жўнаб кетаётганимда мени ёнига чорлаб, яна такрорлади: – Ўзинг кўргандан ўзга ҳеч бир амалим йўқ. Лекин менинг қалбимда бирорта мусулмонга нисбатан алдамчилик йўқ. Бирор кишига Аллоҳ яхшилик берса, ҳасад ҳам қилмайман, – деди. Мен:
– Сени олий мартабага эриштирган нарса шу экан, унга тоқат ила амал қилиш ҳам қийин, – дедим».
Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бахилликдан сақланиш ҳам олий исломий фазилат эканини таъкидлаяпти. Чунки бахиллик мўмин кишига ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида: «Бахиллик ва иймон банданинг қалбида абадул-абад жам бўлмайди», – деганлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat