- Машҳур ҳадислардан бирининг аввалги қисмида:«Абу Бакр мени учратиб қолиб:«Қандоқсан, Эй, Ҳанзала?!»–деди.«Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.«Субҳаналлоҳи! Нима демоқдасан?!»–деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки, биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Қачон у зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда, жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. «Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!»–деди Абу Бакр. Мен Абу Бакр билан тезлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Ул зотнинг олдиларига кириб» деб, давом этилади: Ҳанзала ал-Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади(У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг котибларидан бўлган эди). «Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим. «Нима учун?» – дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки, биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ», дедилар». Ана шунда васатийликка амал қилинган бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсга эҳтиёжлар ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат, ибодатга лаёқатлилик фариштанинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир. Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш, жинс, дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан бадтардир. Ислом инсоннинг ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, уни фаришталик даражасига кўтарилишга мажбур ҳам қилмайди, даъват ҳам этмайди. Ислом инсондан чин инсон бўлишни талаб қилади, холос.