Ассалому алайкум! Христианлар билан Яҳудийларни Каба ҳақида эътиқодлари қандай! Таврот ва Инжилда каба ҳақида малумот келганми?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Тавба" сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَذَا وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ إِن شَاء إِنَّ اللّهَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
28. Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Агар фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ, агар хоҳласа, сизни тезда Ўз фазлидан бой қилиб қўядир. Албатта, Аллоҳ ўта илмлидир, ўта ҳикматлидир.
Ақийдалари бузуқ мушриклар маънавий жиҳатдан нажас ҳисобланадилар. Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, улар Масжидул Ҳаромга яқин келишлари мумкин эмас. Оятда «ушбу йилларидан» ибораси билан тўққизинчи ҳижрий йил назарда тутилган. Ўша йили, юқорида ўрганганимиздек, ҳазрати Абу Бакр амирликларида ҳаж бўлган ва ҳазрати Али ушбу оятларни ҳажга келганларга ўқиб, ҳукмини тушунтирганлар. Ўша йилдан бошлаб мушрикларнинг Масжидул Ҳаромга келишлари ман қилинган.
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар».
Бунинг учун Ҳарамнинг чегараси белги қилиб олинди. Мусулмон бўлмаганларга Маккаи Мукарраманинг атрофидаги ўша чегарадан ичкари киришга рухсат берилмайдиган бўлди. Оятда ҳукмнинг эълонидан кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган саволга ҳам жавоб берилиб:
«Агар фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ, агар хоҳласа, сизни тезда Ўз фазлидан бой қилиб қўядир», – дейилмоқда.
Маълумки, аҳли Макка асосан Масжидул Ҳаромнинг зиёратига келган зиёратчи ва ҳожилардан тушадиган маблағларга яшар эди. Уларга тақдим қилинадиган хизматдан, хусусан, тижоратдан даромад топар эди. Мушриклар келмай қўйсалар, тижорат касодга учраши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло аҳли Макканинг хотирини жам қилиб, Ўз фазли ила уларни бошқа томондан бой қилиб қўйишини билдирмоқда.
«Албатта, Аллоҳ ўта илмлидир, ўта ҳикматлидир».
У ҳар бир ҳукмни билиб туриб жорий қилади. Унинг чиқарган ҳукмлари ҳикматдан холи бўлмайди.
Шу билан Ислом жамиятининг мушрикларга тааллуқли ниҳоий ҳукмлари ҳақидаги оятлар охирига етади. Ўрганиб чиққанимиздек, улар ҳаётнинг турли соҳаларини қамраб олган. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!