Ассалому алайкум! Мен Доктор Закир Найкни савол жавоблар тўпламини доимий кузатиб бораман. Бир қисмида бир қиз “Хозирда христианлар жаннатга кира оладими?” деб савол берди. Закир Найк “Агар улар хақийқий Библияга амал қилиб яшаса шубхасиз жаннатга киради деди” деди. Хақиқатдан хам шундайми?
– Ва алайкум ассалом! Ўша Библияда охирги замон пайғамбарига иймон келтириб, унга ваҳий қилинганига амал қилинг дейилган. Шунга амал қилса у мусулмон бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги пайғамбар бўлиб келганларида яхудий ва насоро динидагилар ўша оятга амал қилишган ва мусулмон бўлишган. Аллоҳ таоло "Моида" сурасида марҳамат қилади:
وَإِذَا سَمِعُواْ مَا أُنزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَى أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُواْ مِنَ الْحَقِّ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ
83. Расулга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганларидан кўзлари тўлиб ёш тўкаётганини кўрасан. Дерлар: «Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин.
Мўминларга дўстлиги яқинроқ бўлган насоролар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан нозил қилинган Қуръони Каримни тинглаганларида кўзларидан ёш тўкадилар. Ҳақиқатни билганларидан йиғлайдилар. Улар йиғлаб қўйиб, яна аввалги ҳолларида бардавом бўлавермайдилар. Балки ўша ўзлари билган ҳаққа эргашадилар:
«Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», – дерлар.
Улар бу билан ҳам кифояланиб қолмайдилар, балки бундан ҳам олий мартабаларга интиладилар:
وَمَا لَنَا لاَ نُؤْمِنُ بِاللّهِ وَمَا جَاءنَا مِنَ الْحَقِّ وَنَطْمَعُ أَن يُدْخِلَنَا رَبَّنَا مَعَ الْقَوْمِ الصَّالِحِينَ
84. Бизга нима бўлибдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз? Ҳолбуки, Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тама қиляпмиз-ку!»
Яъни мазкур насоролар Аллоҳга ва Ундан келган ҳақ дин бўлмиш Исломга иймон келтирмасликни тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, Роббларидан уларни ҳам солиҳ қавмлар ичига киритишни тама қилмасликни ҳам тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!