Ассалому алайкум! Ижтимоий тармоқларда ҳусусан Ютубда доктор Д видео маслаҳатларини, яъни жинсий тарбия ҳақидаги видеоларини кўриш жоизми? У инсоннинг берган тавсияларини олсак бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Биз, “Азалдан ҳар бир соҳа мутахассиси ёшлигидан Қуръон ёдлашган, Ислом ақийдаси ва фиқҳий аҳкомларни яхши ўзлаштиришган” деб кўп бор айтганмиз. Бу борада ҳар соҳанинг устози, ўз шогирдларини кузатган ва касбининг устаси бўлиши билан бирга ўша касбини шариатга мувофиқ бажаришини ҳам таъминлаган. Шогирд тўлиқ бир мутахассис бўлиб етилмагунича ўзича фаолият юритишга ижозат бермаган. Буни “Шогирдни эксплуатация қилиш” деб тушунмаслик керак. Шоир ёзган шеърини Ислом ақийдасига, халқ тарбиясига мос ва дунёда роҳатланиш билан бирга охиратда нажот топишига сабабчи бўладиган шаклда ёзган. Доктор ва табиблар даволаш борасида етук мутахассис бўлиши билан биргаликда шариатдаги маҳрам-номаҳрам, дорилардаги пок-нопок, ҳалол-ҳаром, зарурат ўринларда нопок даволардан истеъмол қилиш миқдор ва даражасини билишган. Улар ҳозирги кундаги кўпчиликни бузуқ ақийдасидаги “доктор, беморнинг маҳрами” деган эътиқодда бўлишмаган. Беморнинг муҳтожлигидан фойдаланиб соҳасини суистеъмол қилмаган. Сиз айтган доктор соҳасининг мутахассиси бўлиши мумкин, лекин шу билан бирга шариат чегараларида туриб маслаҳат бераётганини биз ўрганиб чиққанимиз йўқ. У киши ҳар бир сўзни айтиладиган кишиси, айтиладиган ўрни ва замони борлигига амал қилаяптими йўқми буни ҳам билмаймиз. Тиббиёт борасида ҳам фақат ғарбнинг таълимотларига суяниб, ғарб аҳлига айтилгандек айтилаётган бўлса, шарқона урф-одатларимизга бироз тўғри келмай қолиши мумкин. Қолаверса у кишининг маслаҳатлари фойдали ёки фойдасиз эканлигига ҳам боғлиқ. Очилмаган кўзларни очаётган бўлса бошқа, қийналиб турган муҳтожларга бўлса бошқа. Валлоҳу аълам!