Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мастеркард ҳақида

12:26 / 18.11.2020 | abdulhamid | 1262

Ассалому алайкум! Мен четелда ишлайман. Ойлигимиз тушадиган банкдан Мастеркард олиб ишлатаман, банкимиз исломий банк эмас. Мастеркард агар ҳисобингизда пул бўлмаса қарзга ишлатиб туриш учун пул беради, лекин Мастеркард контрактида шундай келушув бор, агар ман ҳар ойнинг 21-санасигача ишлаткан пулимни жойига қўймасам, кейинги ойдаги ойлигимдан берилган қарзни фоизи билан ечиб олади. Буни аввалдан билганим учун ҳам, ҳозиргача ишлаткан пулимни вақтидан ўткизмай жойига қўяман ва шу билан рибога кириб қолишни олдини олишга муваффақ бўляпман. Лекин яқинда бир дўстимизга бу ҳақда гапирган эдим у киши агар контактни бошидаёқ шуни билиб, рози бўлган бўлсангиз демак рибога рози бўлганингниз бўлади деди. Қалбимда шубҳа пайдо бўп қолди. Дўстимиз ҳақми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бир вақтлар ҳозирги кунда бутун дунёда тарқалган “гарантия” шарти янги чиққанида уламоларимиз “бу молдан ташқари эвазсиз шарт. Шунинг учун байъни бузади” деганлар. 

Байъ тақозо қилмаган шарт туфайли байъни фосид бўлишини иллати нима эканлигида фуқаҳолар ихтилоф қилганлар. Имом Косоний “Бу каби шартлар туфайли байъни фосид бўлишига сабаб, у шартлар рибони ўз ичига олгани учундир. Бундай бўлиши ақдда эвазсиз бир манфаатни шарт қилинади” деганлар. Масалан: бир киши 10 сўмга 1 кило олма сотиб олмоқчи бўлса ва сотувчи билан шунга келишса шу вақтда бошқа бир дона анор ҳам қўшиб бериш шарти билан оламан деса 10 сўм 1 кило олманинг эвази бўлади, анор эса эвазсиз олинган бўлади. Шунинг учун бу байъ фосид бўлади. 

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ эса “Бу шартларнинг фосид шарт эканлиги улар жанжалга олиб боради. Шунинг учун урфга кирган шартлар жоиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байъда шарт қўйишликдан қайтаришлари ўртада жанжал чиқишини олдини олиш учун бўлган. Урф эса ўша жанжални йўқ қилади. Шу билан урф ҳадисдан кўзланган мақсадга мувофиқ бўлади” деганлар.  Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳнинг гаплари икки жиҳатдан кучлироқ. 

Биринчиси ҳанафий уламолари урфга кириб кетган шартларга урфнинг ҳукми билан ижозат берганлар. Гўёки халқни энди бу урф одатдан суғириб олишни иложиси қолмади. Агар шарт қўйишни иллати рибони ўз ичига олгани учун бўлганида ҳар қанча урфга кирмасин бу шартга ижозат беришмаган бўлар эди. Чунки рибо урф одат билан ҳалол бўлиб қолмайди. 

Иккинчи иш. Сотиладиган молдан ташқари бериладиган барча ортиқча нарса рибо бўлавериши ҳам очиқ-ойдин иш эмас. Чунки ўша шарт қилинган ортиқча нарса келишилган пулни бир жузи эвазига бўлиб, сотиладиган молнинг бир бўлагига айланади. Масалан юқоридаги мисолни олсак 10 сўм пул 1 кило олма ва 1 дона анорнинг нархи деб олинади. Тўғри, бу ерда бир савдода икки савдо қилганга тўғри келиб қолади. 10 сўмдан анорнинг нархи қанча, олманинг нархи қанчалиги аниқ бўлмай қолади. Бу жанжалга олиб бориши мумкин, аммо ўша шарт урфга айланиб кетса урф ўшандек битмни жоиз бўлишига ҳукм қилаверади. Масалан аввалда ҳам бир пой оёқ кийимни сотиб олган одам нариги пойини ҳам тикиб берасан деб шарт қилишган. Кейинчалик ипсиз сотилаётган туфлиларга ип ҳам қадаб берасан деган шартни қўйишган. “Фатавои Баззозия” китобида “Эски кийим сотиб олган одам сотувчига йиртиғини ямаб беришни шарт қилиб сотиб олса дуруст” дейилган. Ҳозирги кунимизда бунақанги шартлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Қандай маиший техника сотиб олсангиз ёнида гарантия(бузилса текинга тузатиб бериш) шарти ҳам қўйилади. Бутун дунёда бу шарт кенг тарқалгани учун фуқаҳоларимиз ҳам шу шарт билан савдо қилиш жоиз деганлар. 

Мусулмон киши кечиктирса пеня тўлаш шарти билан бўлган битмни тузиши мумкинми? 

Бу борада замонамиз уламолари ихтилоф қилишди. Шу шарт билан бўлган битмга имзо қўйиши, ҳаром ишга қўл уриш ҳисобланади ва бундай қилиш жоиз эмас. Гарчи муддатидан кечиктириб юбормаслик ниятини қилса ҳам деганлар. Бошқа баъзилари эса кечиктирмасликка юз фоиз ишонса бундай савдога имзо қўйиши мумкин. Бу гапга тўлиқ далил бўлмасада далилликка яқинлашиши мумкин бўлган Оиша онамизнинг Барира розияллоҳу анҳо қиссасидаги ҳадисни келтирганлар. Шариатимизда озод қилинган қулни меросхўр хеч кими бўлмасдан вафот топса мероси озод қилувчига тегади. Шундай тегишини вало дейилади. Барирахон чўри эди, уни сотишаётганда Оиша онамизга ўша вало ҳуқуқи бизда қолади деб сотишган. Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Валоси уларда қолиш шарти билан мени сотиб олишим дурустми” деганларида “Валони уларга шарт қилиб сотиб олаверинг, чунки(улар хоҳласалар ҳам хоҳламасалар ҳам) вало озод қилганники(яъни сиз озод қилсангиз сизники) бўлади деганлар ва уларни шу шартни қўйишига рухсат берганлар. Чунки бу шартга асло амал қилинмас эди”. Бу ҳадисни далил қилувчилар гўёки шартга амал қилинмаса ўша шарт билан бўлган битмни тузиш мумкин дегандек бўлганлар. Лекин уларни бу далиллари кўп ҳам тўғри эмас. чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик у шартни ўз хутбаларида ботил қилиб йўққа чиқарганлар. Бизни кунимизда эса бу шартни бекорга чиқарувчи йўқ. Биргина нарса у ҳам бўлса бу шартлар гарантия каби умумий урфга айланиб кетса одамлар усиз савдо қилмай қўйса ёки усиз савдо қилишни асло иложи қолмаса шу шарт билан савдога киришиш мумкин, аммо ўша шарт ижро қилинадиган ҳолатга тушмасликка ҳаркат қилиш керак. Яъни пения тўланадиган ҳолатга тушмаслик керак. Иложи қолмаслигига бир мисол ҳамма ҳозирги кунда электр, газ, телефон компаниялар билан ҳар ойнинг 10 санасидан кечиктирса фоиз қўшилиш шарти билан шартнома тузган. Ўзбекистонда 10чи санадан кечиктирилса фоиз қўшилиши қарори чиқарилган. Одамлар буни билсаларда ёки билмасаларда шартнома шундай тузилади. Омматан халққа шу шарт бўлгани учун давлатдан свет, газ олиб ёқманг дейишни иложи йўқ. Бошқа томондан газ ёки светни топишни ҳам иложиси йўқ. Бошқа савдолар ҳозирги кунимизда у даражага етгани йўқ. Лекин келгусида бу шарт газ ва светни ҳолатига тушса кечиктирмасликка қасд қилиб битм тузиш мумкин. Бошқа мамлакатларда бу нарса ўша ҳолга келиб бўлган. Шунинг учун ўша мамлакатларнинг муфтийлари бунга фатво бериб бўлишган. Кечиктирмасликни тўлиқ эҳтиёт чораларини кўриб аниқ кўзи етгач, ўша шарт билан қилинадиган шартномаларга имзо қўйишга рухсат беришган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat