Ва алайкум ассалом. Қуръони Каримни ёдлаш улуғ, шарафли ва озми-кўп меҳнат талаб қиладиган амал. Сиз аввало Қуръонни бехато ўқий олиш малакасини ҳосил қилинг. Агар сизда бу малака етарли бўлса, у ҳолда, ёдлаш учун зарур бўлган ички ва ташқи омилларни ишга солишингиз керак. Ички омил деганда, чин ихлос, самимий муҳаббат, дуою илтижо, азму қарор каби тайёргарликлар назарда тутилади. Ташқи омилларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: жисмоний тайёргарлик; ташқи муҳитдаги шарт-шароитлар. Жисмоний тайёргарлик деганда жисмни, хусусан ақлий фаолиятни ёдлашга ҳозирлаш тушунилади. Бунинг учун ейиладиган овқат ва ичимликларга ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Қоринни тўйгизмаслик, кам таом ейиш, зеҳн ва хотирага қувват бўладиган нарсаларни истемол қилиш каби. Масалан, наҳорда майиз билан ёнғоқ еб юришнинг бу боардаги фойдасини кўпчилик ўз тажрибасида кўрган. Шунингдек, уйқу ҳам вақтида ва етарли бўлиши керак. Ташқи муҳитдаги шарт-шароитлар деганда ёдлашга ёрдам берадиган муҳит ҳозирлаш назарда тутилади. Бунинг учун киши аввало гуноҳлардан, зеҳн ва хотирани сусайтирадиган беҳуда маълумотлардан тийилиши керак. Хусусан, бугунги кундаги компютор ўйинлари, кўп телевизор кўриш каби ишлар зеҳ-хотиранинг кушандасидир. Шу билан бирга, Қуръон ёдлаш учун покиза ва қулай жой танлаш, муносиб вақтни топиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, холи, содда, ҳавоси тоза хонада саҳар вақтида агар ёдлашга уринилса, натижа кутилгандан яхши бўлади, иншооллоҳ. Шунингдек, ёдлаш учун қулай бўлган усулларни ишга солиш ҳам керак. Мисол учун, аввалига оз-оздан, бир-икки оятдан ёдлаш, ёдламоқчи бўлинган оятни бир кун аввал ётишдан олдин 30-40та такрорлаш, энг муҳими, одна-дона қилиб, шошилмай, тафаккур билан ўқиш ёдлашни анча осонлаштиради. Ўша оятларнинг таржима ва тафсирин билиш ҳам бу борада жуда ҳам яхши ёрдам беради. Ёдланган оятларни кундалик намозларда такрорлаш уларни хотирада мусаҳкамлайди. Валлоҳу аълам.