- Мазкур оятнинг тафсири “Ҳилол”да қуйидагича:Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир.Юсуф гапга кирмай, унинг таклифини рад этганидан кейин, хотин ниятига етиш учун унга томон интилиб қолди. Аслида, бунақа пайтларда эркак киши аёлга интилмасмиди? Ҳолбуки, Юсуф эркаклиги комил инсон эди. Унда ҳам бошқа эркакларда бўлгани каби, майл бор эди. У ҳам аёлга интилиши мумкин эди. Аммо унинг бошқалардан фарқли жойи – Роббининг бурҳон(ҳужжат) ини кўрган эди, ўшандай далилни кўриб туриб ҳам, ҳаром ишга юрганида, ҳақиқий мўмин бўлолмас эди. Агар шу ҳолат бўлмаганида, у ҳам хотинга интилган бўларди.Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг инояти ила бўлмоқда.«Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик».«Биз қилган тадбир туфайли у ёмонлик ва фаҳш ишлардан, жумладан, ҳожасининг аёли хоҳлаган бузуқликдан ҳам узоқ бўлди. Унга бунчалик ишларни раво кўрганимиз беҳуда эмас:«Албатта, у танланган бандаларимиздандир».Муҳаққиқ тафсирчилар оятдаги “бурҳон” сўзини турлича тафсир қилингани ва уларнинг барчаси тахминдан бошқа эмаслигини таъкидлашади. Чунки, набийдан зинони хоҳлаш содир бўлиши мумкин эмас. Юсуф алайҳиссалом аввалдан Аллоҳ таолонинг бурҳонларини кўриб юрганларидан у кишида мазкур ҳолатда зино нияти пайдо бўлган эмас, дейдилар.