Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Табибга бориш ҳадиси

11:50 / 21.06.2021 | Komila Nigmatullayeva | 7477

Ассалому алайкум! “Дард берган Ўзи! Даъвоси ҳам Ўзидан! Бандаларига дори бериш Яратганга исёндир. Демак, донишманднинг иши макр. Ўзи шайтондир”. Шу гапни қайсидир пайғамбар айтганми? Кейин табиб ва табибга бориш ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислар бўлса улашсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Биз бирор пайғамбар бундай гапни айтганини билмаймиз. Бу шариат таълимотларига мос келмайдиган гап. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда даволанишга амр қилиб шундай деганлар: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا أَنْزَلَ اللهُ دَاءً إِلاَّ أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءٌ فَإِذَا أُصِيبَ دَوَاءُ الدَّاءِ بَرَأَ بِإِذْنِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Муслимнинг лафзи:
«Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир».
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари бутун жаҳон тиббиётининг чексиз равишда ривожланишининг асосидир. Бунда табибларга ҳеч тиним билмай турли дардларга даво излаш даъвати мужассам бўлган.
Бу ҳадиси шариф нафақат табибларга, балки беморларга ҳам катта умид бахш этадиган манба бўлган. Беморлар ҳам Аллоҳ Расулининг гапларидан руҳланиб дардларига даво излашда тиним билмаганлар.
Дунё тарихида биринчи марта мусулмонлар дардларни тузаладиган, тузалмайдиган турларга ажратишдан воз кечиб, ҳамма дардларни тузаладиган деб эълон қилганлар.
Уламоларимиз барча табиблар давоси йўқ деб қарор қилган дардга ҳам даво излаш кераклигига ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб келтирганлар.
Шундоқ қилиб Ислом соясида дунё тарихида мисли кўрилмаган кенг ва жиддий равишда тиббий изланишлар бошланди. Мусулмонлар ичидан дунё тиббиётининг бобокалонлари етишиб чиқди. Ҳаттоки янги дунё тибни ўз тилида мусулмон уламоларнинг энг кўзга кўринганларидан бири «Ибн Сино»нинг номидан олиб «Медисина» деб атайдиган бўлди. 

سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ رُقًى نَسْتَرْقِيهَا وَدَوَاءً نَتَدَاوَى بِهِ وَتُقَاةً نَتَّقِيهَا هَلْ تَرُدُّ مِنْ قَدَرِ اللهِ شَيْئًا؟ قَالَ: هِيَ مِنْ قَدَرِ اللهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, солдирадиган дамимиз, даволанадиган давомиз ва сақланадиган нарсамиз Аллоҳнинг қадаридан бирор нарсани қайтарадими?» деб сўралди. У зот:
«Ўшалар Аллоҳнинг қадаридандир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Одамларда, Аллоҳ таоло пешонага тақдир қилган бўлса, бемор бўлинади. Яна пешонага тақдир қилган бўлса, дард кетади. Бас, шундоқ бўлганидан кейин даволанишнинг нима кераги бор, деган фикр бор экан. Ана ўша фикрлари ҳақида Ислом динининг ҳукми қандоқ эканини билиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юқорида зикр қилинган саволни бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўша даволанишга уриниш учун қилинадиган ишлар ҳам Аллоҳнинг тақдири эканини баён қилдилар. Яъни, бемор бўлиш Аллоҳнинг тақдири ила бўлади, аммо, даволаниш орқали тузалиш ҳам Ўша зотнинг тақдиридир. Бу ерда Аллоҳнинг бир тақдирини, иккинчи тақдири ила қайтарилади.
Ўша пайтда бошқа динлар вакиллари хасталик Аллоҳнинг бандага битган қадари, банда унга сабр қилиши, қазои қадарга рози бўлиши лозим. Агар югуриб-елиб даво ахтарса, Аллоҳнинг қадарига қарши чиққан бўлади, деган эътиқодда эканлар.
Ислом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари орқали бу масалани узил-кесил ҳал қилди. Аллоҳ ҳар бир нарсага сабабни тақдир қилиб қўйган, ўша сабаб воқеъ бўлса, ундан келиб чиқадиган натижа ҳам воқеъ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи халқ қилган нарсалар ичида бир қадарни иккинчиси билан даф қиладиган этиб қўйган. Очлик қадари таом қадари билан даф қилинади. Чанқоқлик қадари ичимлик қадари билан даф қилинади. Худди шунингдек, дард қадари даво қадари билан даф қилинади.
Дардга даво излаш Аллоҳнинг қадари эканини эътиқод даражасига инсоният тарихида биринчи бўлиб Ислом кўтарди.
Шунинг учун ҳам тиб илмлари ўзининг ҳақиқий ривожини Ислом оламида топди.
Шунинг учун ҳам дунё табибларининг энг ҳозиқлари мусулмонлар орасида етишиб чиқди.
Шунинг учун ҳам дунёдаги биринчи тиббий муассасалар Ислом оламида барпо этилди.
Шунинг учун ҳам бутун инсоният тибдан фойдаланишни мусулмонлардан ўрганди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat