Ассалому алайкум! Мен аёл кишиман Аллоҳга шукур намоз ўқийман рўза тутаман. Ислом қоидаларига амал қилишга ҳаракат қиламан. Саволим аёл киши ҳам ўзи йиққан пулидан қурбонлик қилиши мумкинми? Исломда бунга нима дейилган? Илтимос тушунтириб беринг. Аёл кишини қурбонлик қилиши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. ИншАллоҳ ман ҳам қурбонлик қилмоқчи эдим.
– Ва алайкум ассалом!м Албатта мумкин. Аёл киши нисоб эгаси бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. У ўз пулидан қурбонлик қилади. Агар нақд пули бўлмаса эри ёки бошқалардан олиб ёки тақинчоқларидан сотиб қурбонлик қилади. Ёки эр аёлнинг ижозати билан унинг тарафидан қурбонлик қилади. Агар эр аёлининг номидан қурбонлик қилишга ижозат олмаса ёки уни хабардор қилмасдан сўйиб юборса, аёлнинг қурбонлиги адо бўлмайди. Фатавойи Оламгирияда “Кишининг зиммасига балоғатга етган фарзандлари ва аёли тарафидан қурбонлик қилиши вожиб эмас. Лекин ижозат берсалар жоиз” дейилган.
Ўзи ҳайвонни сотиб олишга қодир бўлмаса бирор кишини ўзи номидан вакил қилиши ҳам мумкин.
Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади.
Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади. Валлоҳу аълам!