- Муҳтарама Ҳалийма она! Намоз ўқиганингиз жуда ҳам яхши иш. Намоз ўқилмай қолганда хато иш қилгандай бўлиб юриш ҳам яхшилик аломати. Аммо намоз ҳар ким ўзи истаганича қиладиган иш эмас. Намозни сиз билан биз бандаларга Аллоҳ таоло фарз қилган. Фарз нима эканини билиш учун бу нарса билан ҳам танишиб чиқишимиз керак.Шариат қилишни жазм ила шубҳасиз ва қатций далил билан талаб қилган иш фарздир. Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.Намоз фарз ишлардан энг улуғидир. Уни вақтида ва шариатда кўрсатилгандек адо этиш ҳар бир банданинг муқаддас бурчидир. Фарз намознинг ўрнига нафл намоз ўқиб бўлмайди. Сабр билан, намоз ҳақидаги китоблардан бирини олиб, намозни биладиганлардан сўраб ўрганиб уни ўз вақтида ўқишга ўтинг. Аллоҳ хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Шифо топасиз, кўп яхшиликларга сазовор бўласиз.