Ассалому алайкум! Ёутубе тармоғида орқали Қуръон шифодир деган канални топган эдим. Унда устоз Аҳмад Салама номли инсон асосан жинлар тегиши, иссиқ совуқ қилинганда инсонда рўй берадиган нарсалар руқия қилиш ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида маълумот бериб боради. Мен у инсонни илмли ёки йўқлигини билмайман. уни 2 ёки 3 та видеосини кўриб ундаги малумотлар ростми ёки ундай гап динда йўқми шуни сиз азиз устозларимдан сўрамоқчи эдим. 1. Жин теккан ёки кирган инсон бошдан оёқ зайтун ёғини суртиши керак экан. Сабаби жинларга бу ёқмас экан ва жин танада узоқ қололмас экан. 2. бир литр зайтун ёғига араб тилида шузаб ёки шазаб дейиладиган исириққа ўхшаш нарсадан 250гр олиб шу зайтун ёғига солиб оғзини беркитиб иссиқроқ жойга қўйилар экан. Тақрибан 2 ҳафта шу холатда қолади. Агар руқия қилмоқчи бўлса ўша идишни очиб руқия қилиб яна беркитиб қўйса ҳам бўлар экан 3. Ҳар бир инсон ичида Қориин деган жин бўлар экан. У инсонни ёмонликка ундар экан. Ҳаттоки Пайғамбаримизда ҳам бўлган экан лекин у Аллоҳни изни билан у зотни ёмонликка ундай олмаган экан. Шу ҳақида бир ҳадисни ҳам келтирди. Шу гаплар асослими? Сиз устозларда Аҳмад Салама исмли инсон ҳақида малумот борми?
– Ва алайкум ассалом! 1). Сув ва зайтун ёғига шаръий руқя қилиш – дам солиш кўз тегиши, сеҳр ва жин тегишининг шаръий муолажаларидан ҳисобланди. Лекин руқянинг ўзи таъсир қилмайди, балки Аллоҳ қачон тақдир қилса ўшанда бўлади. Руқя қилувчи ҳам, қилдирувчи ҳам шифо ва таъсир Аллоҳдан эканлигига эътиқод қилишлари зарур. Жинлар зайтун ёғини ёқтирмаслиги ҳақидаги гапга шаръий далил йўқ.
2). Бу услуб ҳам биринчиси каби. Зайтунга шаръий руқя ўқиб сув ва зайтун ёғини ичиш, баданга суртиш мумкин.
3). Қориин бу шайтондир. Ҳар бир одам боласининг шайтонлардан бўлган қориин – ҳамроҳи бўлади. У уни васваса қилиб, иҳво қилиб туради. Баъзида инсоннинг иймони бақувват ва қориин эса кофир бўлади. Худди Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг яхшиларида бўлгани каби. Ўша ҳадисда шундай дейилади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ، إِلَّا وَقَدْ وُكِّلَ بِهِ قَرِينُهُ مِنَ الْجِنِّ». قَالُوا: وَإِيَّاكَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: وَإِيَّايَ، إِلَّا أَنَّ اللهَ أَعَانَنِي عَلَيْهِ فَأَسْلَمَ، فَلَا يَأْمُرُنِي إِلَّا بِخَيْرٍ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирор киши йўқки, унинг жинлардан вакил қилинган ҳамроҳи бўлмаса», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг ҳамми?» дейишди. У зот: «Ҳа, менинг ҳам. Лекин Аллоҳ мени унинг устидан ғолиб қилди ва у мусулмон бўлди. У мени фақат яхшиликка ундайди», дедилар».
“Саҳиҳи Муслим” китобидан.
Аҳмад Салама деган киши ҳақида бизда маълумот йўқ. Валлоҳу аълам!