Ассалому алайкум! Мен динимиздан узоқ оилада туғилиб ўсдим. Аллоҳ менга Ўзи ҳидоятни, инсофни берди. Аҳли илмларимизни маърузаларини эшитиб қалбим юмшаб олдин ҳечам хис қилмаган нарсаларни хис қилдим. Қалби мусаффолашаётган инсонда қандай ҳолатлар кузатилса, ана шундай нарсалар менда кузатилди. Динимиз нимани буюрса ўшанга муҳҳабат билан амал қила бошладим. Аллоҳ қалбимга иймон ҳаловатини, Ўзини муҳаббатини, Ўзидан қўрқувини солди. Намозга турсам, Аллоҳдан қўрқувим сабабли танам ўзгарадиган ҳолатлар ҳам бўлди. Аллоҳ нимани яхши кўргани ҳақида билсам шу нарсани яхши кўрадиган, нимани ёмон кўрса қалбимда шу нарсани ёмон кўрадиган бўлдим. Дунё кўзимга "ранг- баранг" кўринадиган бўлди. Кимдир яхши амалим туфайли мақтаса ёқтирмайдиган, ўзгаларнинг ёмонлигини осонликча кечириб юборадиган бўлдим. Қуръон ўқилса қаттиқ таъсирланиб кўзимга тез ёш келадиган бўлди. Таом инсон танасига кириши билан тез сингиб таъсирини кўрсатган каби устоздан бир маърузани эшитсам шундай таъсирланадиган бўлдим. Бундай менга Аллоҳ берган яхши сифатларни ҳаммасини ёзиб ўтирсам кўп экан устоз. Олдин ўлик ҳолда юрганимни билдим. Алҳамдулиллаҳ ҳақни танидим. Бир неча ойлар мана шундай Аллоҳнинг иноми туфайли лаззатда яшадим. Кейин гуноҳларим туфайли бу нарсаларнинг баъзиларидан айрилиб қолдим. Ҳозир қанча маъруза эшитсам ҳам олдингидек таъсир қилмаябди. Қалбимни поклаш учун сизларни тавсиянгизга биноан, ҳазратимиз руҳия тариба китобини ўқидим олдингидек таъсири бўлмаябди. Озгина вақт қалбим юмшаб, ҳаловат пайдо бўладида йўқолиб қолади. Қалбни поклашда устоз тутиш вожиблигини билиб устоз қидирдим. Бундай устоз юртимиздан мен топаолмадим. Олдингидек Аллоҳга яқин бўлишни ҳохлайман. Қалби пок инсон бўлиб охиратдан нажот топишни хоҳлайман. Нима қилишни билмаяпман. Нима қилиш кераклигини маслаҳат беришингларни илтимос қиламан.
– Ва алайкум ассалом! Солиҳларнинг сафига қўшилинг. Аллоҳ таоло бу иш муҳим эканлиги учун ояти билан буюрган. Кўпроқ рўза тутинг, зикр ва истиғфорларда бардавом бўлинг. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ
119. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар! деб марҳамат қилади.
Ашраф Али Таҳонавийнинг охирги ўринбосарлари Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳининг муриди ҳикоя қилади : «Мен, бир биродаримиз ва устозимиз Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ билан бир устознинг зиёратига бормоқчи бўлиб, уйдан чиқдик. Борадиган жойимиз унчалик узоқ эмасди, лекин Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ кексайиб қолганлари учун таксига чиқсакмикин деб, уй олдида бир оз тўхтаб қолдик. Ўн-ўн беш қадам нарида бир такси турар, ҳайдовчиси эса бизни кузатиб турарди. Маслаҳатлашиб, таксида борадиган бўлдик. Ҳайдовчи у томон юрганимизни кўриб, машинасининг эшикларини очиб, бизни кутиб олди. Машинага ўтиргач, Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ «Аллоҳ таоло Ўзи ҳохлаган кишисини (пайғамбарликка) танлаб олур ва Унга илтижо қилувчи кишини ҳидоят қилур» деган оятни ўқиб, шундай дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбар, расул ва баъзи валий бандаларини улардан бирор ҳаракат бўлмай туриб ҳам Ўзига дўст қилиб олади. Шу тариқа улар Аллоҳ таолонинг муқараб бандаларига айланадилар. Бироқ, яна баъзи бандаларни Аллоҳ таоло мана шу ҳайдовчи каби кузатиб туради. Агар улар Аллоҳ таоло томон юрсалар, ҳайдовчи бизга машинасининг эшикларини очгани каби, Ўзининг раҳмат эшигини очади, Ўзи томон интилган бандаларни мақсадларига эриштиради. Агар бошқа йўлни ихтиёр қилишсалар, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди», дедилар. Кун иссиқ эди. Ҳайдовчи машинанинг кондиционерини ёқиб қўйди, лекин машинанинг салони ҳадеганда совийвермади. Ҳайдовчи йўлдан кўзини узмай: «Бирортангиз томондаги ойна очиқ шекилли, илтимос, беркитиб қўйинглар», деди. Ростдан ҳам, шеригимиз томондаги ойна очиқ экан, уни беркитиб қўйдик. Ойналар ёпилгач, машинанинг ичи яна ҳам исиб кетгандек бўлиб, бироз беҳаловат бўлдик. Бироқ, сал ўтмай машинанинг ичи салқин бўлиб қолди, жонимиз кириб, баданимиз роҳатланди. Шунда Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ “Раъд” сурасидаги «Иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» оятини ўқидилар, сўнг «Иссиқ кунда ҳамма сўлим-салқин жойга қочади. Бироқ, Аллоҳнинг зикри қалб учун салқин жойдан-да роҳатлироқдир. Зикр – гўё иссиқдан беҳаловат бўлган қалбнинг кондиционеридир. Лекин
العينان نافذتا القلب
«Кўзлар қалбнинг деразаларидир» дейилган. Агар инсоннинг кўз деган ойнаси ҳаромдан, қулоқ деган ойнаси беҳуда гап-сўзу шайтоннинг нағмаларидан, оғиз деган ойнаси ғийбату бефойда сафсаталардан ёпилмас экан, зикр қалбга ором бағишлай олмайди», дедилар».
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Қайси бир мусулмоннинг назари бирор аёл кишининг чиройига тушиб, ундан кўзини юмса, Аллоҳ у учун ҳаловатини топадиган ибодатни беради” дедилар». Ҳадиси қудсийда:“Номаҳрамларга қараш Иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким мендан қўрққанлигидан ўша қарашни тарк қилса, эвазига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қиламан” дейилган.
Табароний ва имом Ҳоким ривояти. Валлоҳу аълам!