Ассалому алайкум! Интернетта Истиоза ва басмала айтишнинг тартиби тўғрисида бир малумот эшитиб қолдим. Буни хеч қайси китобдан топа олмадим ва сизлардан сўрашга қарор қилдим. Истиоза ва басмала айтиладиган ва айтилмайдиган холатлар. Қуръон оятларини ўқиётганда истиоза ва басмала айтилади лекин Аллоҳ номи билан бошланадиган оятларда басмалани этиш шарт чунки истиозада Ар рожийм хамма нарсадан қувилган манони билдиради ва ундан сўнг Аллоҳни сифатлари айтиладиган оятларни басмаласиз айтиб бўлмайди. Шайтон тўғрисидаги ва уни ёмонликлари тўғрисидаги оятлар ўқилганда эса истиозани ўзи билан бошланади басмалада Аллоҳни Ар Рохман сифати бўлгани учун айтилмайди дейилган. Мисол учун Оятул Курсий келтирилган. Яни Аллоҳу лаа илахаа илла хувал хаййул қоййум. Бу ерда Аллоҳ номи билан бошлангани учун басмаласиз этиш мумкинмас дийилган. Агарда шундай бўлса кўп масжидларимизда намоздан сўнг зикр қилинганда тасбехдан сўнг Истиозадан сўнг Оятул Курсий ўқилади басмала айтилмайди. Шу жавоблар қанчалик тўғри? Иложи бўлса кенгроқ тушунтириб берсангизлар. Агар шу жавоблар тўғри булса қайси хадисларда ёки ижмоларда келтирилганини хам айтиб ўтсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Қуръон оятларини ўқишдан олдин “таъаввуз” айтиш тўғрисида “Наҳл” сурасининг 98-оятида шундай дейилган:
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ
«Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин».
Яъни аввал «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади. («Тафсири Ҳилол» китобидан)
«Истиъоза» билан ундан кейинги ўқиладиган оятларни улаб ўқишда зарар йўқ. Фақат агар қори ўқийдиган оятлар «лафзи Жалола» билан ёки У Зот субҳанаҳу ва таолога қайтувчи олмош билан бошланган бўлса, Аллоҳ таолонинг исми ва шайтоннинг сифати ажратиш учун «истиъоза»дан кейин вақф қилиш ёки «Басмала» айтиш, шуниси яхшироқ, керак бўлади. Бу гап ҳадис ёки саҳобалардан келмаган. Лекин қироат илмининг Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ каби уламолари тарафидан айтилган.
Бизнинг масжидларимизда ҳам шу гап асосида “таъаввуз”нинг охирида “ар-рожийм” деб тўхтаб вақф қилиб, кейин “Оятул Курсий” ўқилади, улаб кетилмайди. Валлоҳу аълам!