Ассалому алайкум! Мен дизайнер бўлиб ишлайман, бир мижозга уйининг дизайнини қилаябман, ўша уйнинг ертўласида вино сақланадиган хона бор, ўша хонанинг дизайнини қилиб беришим жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Жоиз эмас. Бу борада ҳадиси шарифда маст қилувчи ичимликнинг истеъмолида ҳар қандай ёрдам берган ёки сабабчи бўлган кишилар лаънатланган. Шунинг учун бундан эҳтиёт бўлиш ва яқинлашмаслик керак.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال: لَعَنَ اللهُ الْخَمْرَ وَشَارِبَهَا وَسَاقِيَهَا وَبَائِعَهَا وَمُبْتَاعَهَا وَعَاصِرَهَا وَمُعْتَصِرَهَا وَحَامِلَهَا وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Хамр тўғрисидаги огоҳлантиришлар ичида ушбу ҳадиси шарифга ўхшаш қаттиқ ҳукмга далолат қилувчиси бўлмаса керак. Биз, одатда, агар ўта диндор бўлсак, хамр истеъмол қилувчига нафрат қилиш билан кифояланиб қоламиз. Аслида эса хамрга алоқадор барча шахслар Аллоҳ таолонинг лаънатига қолган эканлар. Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан нафратланишимиз лозим. Уларга насиҳат қилиб, ҳалол-пок йўлга чорлашимиз лозим. («Ҳадис ва ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!