Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аср намозини қолдирганни амаллари ҳабата бўладими

00:02 / 02.09.2021 | Bilolbek Yo`ldoshev | 1693

Ассалому алайкум! Бир инсон аср намозини қазо қилса барча қилган солиҳ амаллари йўқ бўлиб кетадими? Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. аср намозини қазо қилган кишининг солиҳ амаллари йўқ бўлиб яъни ҳабата бўлади деган эканлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадиснинг шарҳини ўрганиш керак. 

عَنْ أَبِي الْمَلِيحِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ بُرَيْدَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي غَزْوَةٍ فِي يَوْمٍ ذِي غَيْمٍ فَقَالَ: بَكِّرُوا بِصَلَاةِ الْعَصْرِ فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ صَلَاةَ الْعَصْرِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ  

Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Булутли кунда Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. У киши:
«Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда Аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия этар эканлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ушбу ҳадисини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деган эканлар.
Бу ҳам Аср намозининг аҳамияти улкан эканлигидан дарак беради.
Уламоларимиз Аср намозини тарк қилиш билан амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳазалар айтганлар.
«Ҳабата» сўзи аслида ёқмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда ўрнига зарар беради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади», дея марҳамат қилган. Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, амални куфр ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Мазкур уламоларнинг Аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми-йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларга боғлиқ.
«Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади» деган уламолар бу ҳадисни «Аср намозини қасддан тарк қилса, амаллар ҳабата бўлади», деб шарҳлашган.
«Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман, тарк қилган одам кофир бўлади» деганлар ўз фатволарига мана шу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар.
«Намозни қасддан эмас, дангасалик қилиб тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади», деганлар ҳам «Бир намозни тарк қилиш ёмонлигини, лекин Аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун бу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида фақат кофирликкина амалларни ҳабата қилади», дейдилар.
Нима бўлганда ҳам, ушбу ҳадисдан Аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳ эканлиги билиниб турибди. Лекин бу – Аср намозини ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳдир. Лекин Аср намозини ўқимаслик яна ҳам улканроқ гуноҳ. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat