Ассалому алайкум! Биламизки инсон туғилганда унга фаришталар бириктирилади. Ана шу фаришталар мусулмонларга оидми ёки ғайриддин инсонларга ҳам бириктириладими?
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир туғилажак одам боласида бўлади. Аллоҳ таоло “Инфитор” сурасида марҳамат қилади:
وَإِنَّ عَلَيْكُمْ لَحَافِظِينَ
10. Ҳолбуки, устингиздан кузатиб турувчилар бордир.
Сизнинг ҳар бирингизга бириктирилган фаришталар бор. Улар сизни доимо муҳофаза қилиб турадилар. Улар сизнинг ҳар бир ҳаракат ва саканотингизни синчковлик билан кузатиб, муроқаба қилиб турадилар. Шу билан бирга,
كِرَامًا كَاتِبِينَ
11. Ҳурматли ёзиб турувчилардир.
Яъни мазкур бириктирилган, муҳофаза қилувчи фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам саналадилар ва бандаларнинг барча амалларини ёзиб турувчилик сифатига ҳам эгадирлар. Ҳар бир банданинг ўнг томонидаги фаришта яхшиликларини, чап томонидаги фаришта эса ёмонликларини ёзиб боради. Ҳа, зинҳор ғафлатда бўлманглар...
يَعْلَمُونَ مَا تَفْعَلُونَ
12. Нима қилаётганингизни биладиганлардир.
Ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталар борлиги, улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурматга эга эканликлари, бу фаришталар бизнинг барча ишларимизни билиб, ёзиб боришларига иймон келтиришимиз даокор ва иймонимиз бизни фақат яхшиликларга чорлаши, ёмонликлардан қайтариши лозим. Чунки...
Қиёмат куни ўша фаришталар заррача нарсани ҳам тарк қилмай, ёзиб борган номаи аъмолга қараб ҳукм чиқарилади. Ана ўша номаи аъмол натижасига қараб,
إِنَّ الْأَبْرَارَ لَفِي نَعِيمٍ
13. Албатта, аброрлар неъматланишдадирлар.
Чунки уларнинг номаи аъмолларидан бу дунёда қилган яхшиликлари: иймон-эътиқодлари, ибодатлари, солиҳ амаллари, чиройли, гўзал хулқлари, қилган хайр-эҳсонлари ва бошқа савоб ишлари ҳақида муфассал маълумотлар чиқади. Ана ўша яхшиликлари учун Робблари – Қиёмат кунининг эгаси – Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритиш ила мукофотлайди.
وَإِنَّ الْفُجَّارَ لَفِي جَحِيمٍ يَصْلَوْنَهَا يَوْمَ الدِّينِ وَمَا هُمْ عَنْهَا بِغَائِبِينَ
14. Ва албатта, фожирлар дўзахдадирлар.
15. Унга жазо мукофот куни кириб, куядирлар.
16. Ва улар ундан ғойиб бўлувчи эмасдирлар.
Чунки ўша фожирларнинг номаи аъмолларидан бу дунёда қилган ёмонликлари – кофирлик ва мушрикликлари, осийликлари, фосиқликлари, зулмлари ва бошқа ёмон ишлари ҳақида батафсил маълумотлар чиқади.
Ана шунинг учун улар қиёмат куни қаттиқ қизиб турган жаҳаннамга кирадилар. Улар жаҳаннамдан ғойиб бўла олмайдилар: қочиб қутула олмайдилар, тушганларидан кейин қайтиб чиқа олмайдилар.
Эй Робби ҳақида ғурурга кетган нобакор инсон! Қиёмат ана шундай кун! Қиёмат куни сен ва сенга ўхшаганлар бошига мазкур мусибатлар албатта тушажак.
Сен, эй ғофил банда, қиёмат кунининг моҳиятини англаб етасанми, ўзи?!
“Исро” сурасида ҳам :
وَكُلَّ إِنسَانٍ أَلْزَمْنَاهُ طَآئِرَهُ فِي عُنُقِهِ وَنُخْرِجُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كِتَابًا يَلْقَاهُ مَنشُورًا
13. Ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга бир китоб чиқарамизки, у унга очилган ҳолда рўбарў бўлур.
Ҳар бир инсон яхшими, ёмонми, амал қилса, унинг амали ўзи билан бўлади, ундан ажрамайди. Қуръони Карим инсонга шу маънони мужассам ҳолда ҳис эттириш учун амалини худди бўйинга осиб қўйиладиган нарса қилиб кўрсатмоқда. Инсон яхши билиши лозимки, унинг ҳар бир қилган иши бўйнига осилиб боради. Ундан тониб, мен қилганим йўқ, деб қутулишнинг имкони йўқ. Бунинг устига, қиёмат куни унга очиқ бир китоб чиқариб кўрсатилади. Ўша очиқ китобда унинг ҳамма амаллари аниқ шаклда битилган бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб бўлади. Демак, инсон фақат яхши амал этиши, ёмон амалдан ҳазар қилиши лозим. Чунки ўша қиёмат куни ҳар бир инсонга:
اقْرَأْ كَتَابَكَ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ حَسِيبًا
14. Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур).
Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг, бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!