Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жамоат намозига боришга узр

11:46 / 21.09.2021 | Rasulbek h | 3730

Ассалому алайкум! 1. Бизнинг уйга энг яқин масжид 4-5 км узоқда азон эшитилмайди. Шу хол жамоат намозига чиқмасликга узур бўла оладими? 2. Баъзида биз намоз вақтида масжидга унча узоқ бўлмасада киролмаймиз сабаблари турлича масалан: мактабда дарсда бўлганим учун, йўлда бўлганим учун шу жоизми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Узр бўлолмайди, имкон борича боришга ҳаракат қилинг.  

ЖАМОАТ НАМОЗИДАН ҚОЛИШГА УЗРЛАР 

عَنْ نَافِعٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ ابْنَ عُمَرَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَذَّنَ بِالصَّلَاةِ فِي لَيْلَةٍ ذَاتِ بَرْدٍ وَرِيحٍ، ثُمَّ قَالَ: أَلَا صَلُّوا فِي الرِّحَالِ، ثُمَّ قَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَأْمُرُ الْمُؤَذِّنَ إِذَا كَانَتْ لَيْلَةٌ ذَاتُ بَرْدٍ وَمَطَرٍ يَقُولُ: أَلَا صَلُّوا فِي الرِّحَالِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ 

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтди. Сўнгра:
«Огоҳ бўлинглар! Ўз жойларингизда намоз ўқинглар!» деди. Кейин эса:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совуқ ва ёмғирли кеча бўлса, муаззинга «Огоҳ бўлинглар! Ўз жойларингизда намоз ўқинглар!» дейишни амр қилар эдилар», деди».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало, ровий Нофеъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Нофеъ ал-Маданий, кунялари Абу Абдуллоҳ. Бу зот улуғ тобеъинлардан бўлиб, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қуллари эдилар.
Нофеъ розияллоҳу анҳу тақводор, фиқҳ илмида аллома, ҳадис илмида ишончли эдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисда хато ёки заифлик топилмас эди.
Умар ибн Абдулазиз бу зотни суннатни ўргатиш учун Мисрга жўнатган эдилар.
Нофеъ розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 119-йили Мадинада вафот этдилар.
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтиб:
«Ҳайя алал фалаҳ»нинг ўрнига «Алаа, соллуу фии риҳаликум», яъни, «Огоҳ бўлинглар! Жойларингизда намоз ўқинглар!» деб айтдилар ва бу ишнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига мувофиқ бўганлигини баён қилиб қўйдилар.
Демак, совуқ, бўронли, ёмғир ва қорли кечаларда жамоат билан намоз ўқилмаса, узр қабул бўлар экан.

وَقَالَ مَحْمُودُ بْنُ الرَّبِيعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ كَانَ عِتْبَانُ بْنُ مَالِكٍ يَؤُمُّ قَوْمَهُ وَهُوَ أَعْمَى، فَقَالَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّهَا تَكُونُ الظُّلْمَةُ وَالسَّيْلُ وَأَنَا رَجُلٌ ضَرِيرُ الْبَصَرِ، فَصَلِّ يَا رَسُولَ اللهِ فِي بَيْتِي مَكَانًا أَتَّخِذُهُ مُصَلَّى، فَجَاءَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَيْنَ تُحِبُّ أَنْ أُصَلِّيَ، فَأَشَارَ إِلَى مَكَانٍ مِنَ الْبَيْتِ، فَصَلَّى فِيهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Маҳмуд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Утбон ибн Молик ўз қавмига имомлик қилар эди. Унинг кўзи ожиз эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Албатта, зулмат, сел бўлиб туради, мен эса кўзи ожиз одамман. Эй Аллоҳнинг Расули, менга уйимдан бир маконда намоз ўқиб беринг, ўша жойни намозгоҳ қилиб оламан», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уникига келдилар ва:
«Қаерда намоз ўқиб беришимни истайсан?» дедилар.
Шунда уйидаги бир жойга ишора қилди. Бас, у зот ўша жойда намоз ўқидилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Маҳмуд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик.
Маҳмуд ибн Робеъ ибн Суроҳа ал-Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Муҳаммад.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Утбон ибн Молик, Убода ибн Сомит, Абу Айюб ал-Ансорийлардан ривоят қиладилар.
Бу зотдан Анас ибн Молик, Зуҳрий, Ражо ибн Хайвалар ривоят қилганлар.
Маҳмуд ибн Робеъ ҳижратнинг 99-йили 93 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорий саҳобалардан бўлиб, Хазраж қабиласидан эдилар. У киши Бадр ғазотида иштирок этиш бахтига ҳам муяссар бўлганлар. Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз қавмларига имом ҳам эдилар. Кўзлари ожиз бўлиб қолгани сабабли ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бошқа бир ривоятда келишича:
«Менинг кўзим ожиз бўлиб қолди. Кўпинча қавмимга намоз ўқиб бериб тураман. Ёмғир ёғиб, водийдан сел оқса, орамиз узилиб қолади. Уларнинг масжидига бориб, намоз ўқиб бера олмай қоламан. Хоҳлар эдимки, сиз уйимга бориб, намоз ўқиб берсангиз, ўша жойни намозгоҳ қилиб олсам», деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг таклифларига биноан, лутф кўрсатиб, бир куни чошгоҳ пайтида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан уйларига кириб бордилар.
«Қаерда намоз ўқишимни истайсан?» деб сўрадилар.
Итбон розияллоҳу анҳу бир жойга ишора қилдилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга имом бўлиб, икки ракъат чошгоҳ намози ўқиб бердилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Кўзи ожиз кишининг имом бўлиши мумкинлиги.
2. Сел келиши жамоатга бормасликка узр бўлиши.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарин ва содда эканликлари.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиган жойларини намозгоҳ қилиб олиб, ўша жойни табаррук ҳисоблаб, намоз ўқиб юриш яхши эканлиги. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاس رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ سَمِعَ الْمُنَادِيَ فَلَمْ يَمْنَعْهُ مِنِ اتِّبَاعِهِ عُذْرٌ لَمْ تُقْبَلْ مِنْهُ الصَّلَاةُ الَّتِي صَلَّى، قَالُوا: وَمَا الْعُذْرُ؟ قَالَ: خَوْفٌ أَوْ مَرَضٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким нидо қилувчи, яъни муаззинни эшитса-ю, унга эргашишга узр монеълик қилмасдан 
(намозга келмаса) ўқиган намози қабул бўлмайди», дедилар».
«Узр нимадир?» дейилди.
«Хавф ва беморлик», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисда узрсиз масжидга бориб, жамоат билан намоз ўқимаслик гуноҳ ҳисобланиши, ундай одамнинг ўзи ўқиган намози қабул бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Олдинги ҳадисда келган жамоат намозига бормаслик учун бўладиган узрларга бу ҳадисда икки узр қўшилмоқда:
1. Хавф.
Агар инсон душман, йиртқич ҳайвон, ёнғин ёки шунга ўхшаш нарсалардан хавфу хатарда бўлса, жамоат намозига бормаса, узри мақбул.
2. Беморлик.
Бемор киши ҳам маъзур ҳисобланади. Чунки у жамоат намозига боришга машаққат чекади. Ислом дини одамларга машаққат бўлишини хоҳламайди. Мазкур узрлари йўқ инсонлар, албатта жамоат намозига боришлари керак. Бормасликлари мутлақо мумкин эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat