Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хориждаги ҳалол маҳсулотлар истеъмоли

16:04 / 10.11.2021 | Usmon | 857

Ассалому алайкум! 1). Мен насиб бўлса ИншоАллоҳ Германияга кетмоқчиман, маълумки Германия номусулмон давлат. У ердаги гўшт истеъмоли қандай бўлади? Яъни, мусулмон киши орқали сўйилмаган гўшт (албатта чўчқа эмас) есам бўладими? 2). Саломга алик олиш вожиб, лекин агар киши Ассалому алайкум деб салом берса ва давоб тариқасида Салом деб алик олиш жоизми ёки Ваалайкум ассалом дейиш шартми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1). Шаръий йўл билан сўйилган гўшт маҳсулотларинигина истемол қилиш жоиз. Аҳли китоблар, яъни насоро ва яҳудийлар ўз диний таълимотлари бўйича бизга ҳалол бўлган ҳайвонларни сўйсалар, уларнинг сўйиши бизга ҳалол бўлади.  Аммо уни улар ўз дини асосида сўйганларини текшириб кўриш керак. 

2). Энг камида берилган салом миқдорича алик қайтариш лозим. Зиёда қилса нур устига нур бўлади. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасининг 86-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

وَإِذَا حُيِّيْتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّواْ بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا۝ 

86. Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир.
Ҳар бир қавмнинг, ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг ўзига хос саломлашиш услуби бор. Саломлашиш услуби, иборалари ҳамда одатлари ўша халқнинг қандай халқ эканидан дарак бериб туради. Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
– Қайси амал энг яхши амалдир? – деб сўралганда, у зот:
– Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг, – деб жавоб берганлар.
Ушбу ояти каримада саломлашишнинг аҳамиятли нарса экани таъкидланиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб беришга амр этилмоқда. Бу амрга қандай амал қилишни Пайғамбаримизнинг суннатларидан ўрганамиз.
Ибн Жарир қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
– Ас-Салому алайка, яа Расулуллоҳ, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга:
– Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи, – дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб:
– Ас-Салому алайка, яа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Сўнгра яна бошқа бир одам келиб:
– Ас-Салому алайка, яа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Шунда у одам:
– Эй Аллоҳнинг Расули, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга Фалончи, Фалончилар келиб, салом бердилар. Сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб бердингиз? – деб сўради. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Сен менга ҳеч нарсани қўймадинг. Аллоҳ: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки ўзидек жавоб беринг», – деган. Сенга ўзидек жавоб бердик, – дедилар».
Салом беришнинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat