Ассалому алайкум! Қимматли вахтиларни олганим учун узр. Бу саволни беришдан мақсад менда иккиланиш бўляпти. Мен Ўзбекистондан Корея давлатининг типография ва полиграфия фирмасига шартнома асосида келиб, ҳозирда 8 ой давомида ишлаб келмоқдаман. Бу заводнинг 2та яни ишлаб чиқариш ва ишлов бериш филиали бор. Мен ишлаб чиқариш филиалида ишлаяпман. Бу ерда кимёвий ярим тайёр хом ашёни эритиб реклама баннер(плакат)лари ва А4 форматдаги документ обложкалари ишлаб чиқарилади. Шу кунларда буюртмалар камайиб ишлаб чиқаришга эхтиёж камайганлиги сабабли кейинги хафтадан 2-ишлов бериш филиалига хамма ишчиларни жалб қилмоқда (хозирда тайёр махсулотларни ишлов бериб чиқариб юбориш мақсадида). 2-филиалда 1-филиалдан чиқарилиб келган товар (плакат ва обложка)лар юзига хар хил рангли босмалар, календарлар ва рекламалар шу жумладан банк, гўшт, қиморга талуқли материаллар, расмлар ва маълумотлар бўлиши мумкин. Корея давлати Исломий миллат эмас, шунинг учун бу ерларда чўчқа гўшти, рибога боғлиқ рекламаларни кўп учратиш мумкин. Мен шундай босма туширадиган станокда ишлашим ёки ташишим, юклашим, қадоқлашим жоизми? Мен бу иш(реклама)да иштирок этсам-да инсонларнинг хохиши ўзида-ку? Фойдаланиш ёки фойдаланмаслик истемол қилиш ёки истемол қилмаслик. Шунингдек менинг 1-филиалдаги ишимга Ислом қандай қарайди?
– Ва алайкум ассалом! Мусулмон одам динида ҳаром қилинган нарсалардан қайтиши ва қайтаришига мукаллаф. Сиз “иштирок этсам-да инсонларнинг хохиши ўзида-ку” деб ёзгансиз. Тўғри, лекин сизни ҳам ҳаромдан қайтишга ихтиёрингиз ўзингизда. Рибавий ишларни, чўчқа савдосини ёки маст қилувчи ичимликлар ёки қиморни рекламасига ҳисса қўшишингиз бир нечта ҳадислар ҳукми остига кириб кетишингизни билдиради.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الْخَمْرِ عَشْرَةً: عَاصِرَهَا، وَمُعْتَصِرَهَا، وَشَارِبَهَا، وَحَامِلَهَا، وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ، وَسَاقِيَهَا، وَبَائِعَهَا، وَآكِلَ ثَمَنِهَا، وَالْمُشْتَرِيَ لَهَا، وَالْمُشْتَرَى لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр(ароқ)да ўн(киши)ни лаънатладилар: уни сиқувчисини, сиқишни буюрганни, ичувчисини, ҳаммолини, кўтартириб юрувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини еювчисини, сотиб олувчисини ва сотиб олиб келиб берувчисини».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Сиз бу ҳадисда баҳосини еювчиси бўласиз. Чунки ҳаромни сотиб топилган пулдан сизни рекламангизга беришади. Сиз қанча кўп реклама қилсангиз шунча кўп сотилади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ آكِلَ الرِّبَا وَمُؤْكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ وَقَالَ: هُمْ سَوَاءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва «Улар баробардирлар», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Рибодек ҳаром ишга реклама қилиб берасиз. Валлоҳу аълам!