Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рохман, Рохийм ва Одил

18:16 / 16.11.2021 | Дахрий эмасман | 1171

Ассалому алайкум! Мен мусилмонман аммо минг афсус канчалик диний китоб укиганим сари шунака фикр ва карамакаршиликлар менга озор бермокда. Аллох уз хатти харакат ва карорларида хеч кимга хисоб бермас ва шу билан бирга у Одилдир, Рахмондир бир карашда бу Аллохнинг сифатлари ва карорларида хисоб бермаслиги бир бирига мос эмас нега бундай? Буни хозир айтиб утаман, Аллох инсонни яратти у Одам эди, яралишда Одам дахлсиз, уни яратиш хамда масулият ва синовлар бериш, азоблаш адолатдан эмас, шу каби ер юзидаги инсонлар ичидаги динсизларни хам дузахда ёкиши адолатдан булмас, негаки инсонни яралишида у дахлсиз ва унга юкланган синов ва хаёт ундан бесурок берилган, демакки инсон хохласа амал килади хохласа масият бунда унинг хакки бор аммо унинг учун жазолаш адолатдан эмас, яна бир томони инсонни яратишдан олдин унинг такдири Аллохга аён эди, масалан дахрийни Аллох хохласа такволи кила оларди аммо уни уз холига ташлади иймон бермади, бу худдику она боласи кайнаб турган сувни устига бостириб бораётган боласини кузатиб турадида ва харакатларига аралашмайди, энди бола сувни устига тукиб узига озор берса кейин яна она нега ундай килдинг деб болани яна азоблаши адолатдан буладими? Худдики бандасини суроксиз яратиб унга масулият юклаб агар синовдан ута олмаса уни яна абадий азоблаши Аллохнинг Рахмон, Рохийм ва Адл сифатларига мос эмас ва Аллох амали устидан хисоб бермас булар бир бирига тогри келмаяпти.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бандаларнинг хоҳишлари ҳам Аллоҳнинг халқ қилиши – яратиши билан бўлганидан кейин, бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Чунки ихтиёрий амаллар хоҳишнинг жузъи ва самарасидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир бўлгандан кейин, У Зотни бандаларнинг амалини халқ қилишдан нима ожиз қила олади?
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бандадан содир бўладиган нарса икки хил бўлади.
Биринчи хили: унинг иродаси, имконига боғлиқ бўлмаган, титраш, қалб уриши каби нарсалар. Булар унинг амали эмас, сифатидир.
Иккинчи хили: банданинг ихтиёрига ва имконига боғлиқ нарсалар бўлиб, бунга барча ихтиёрий ҳаракатлар киради. Булар банданинг сифати эмас, амали ва касби, деб васф қилинади.
Аллоҳ банданинг ихтиёрий ва бошқа ҳамма амалларининг холиқи(яратувчиси)дир.
«Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўладими?» Агар шундай бўлса, бандага нима қолади, деган саволга жавоб ахтарайлик.
Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:
Биринчи қисм – инсоннинг дахли йўқ нарсалар.
Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.
Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча ишлари борки, уларда инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.
Инсон бу нарсалардан масъул ҳам эмас.
Мисол учун, уни ҳеч ким «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?» деб сўроқ-савол қилмайди. Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.
Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этиладиган иш ва амаллар.
Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда.
Худди шу турдаги ишларни қандай баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган.
Кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан.
Аввал айтиб ўтилганидек, Қадария ва Мўътазилия мазҳабидагилар: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар.
Бу эса Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри, дейилса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Холиқлиги ягона бўлмайди.
Жабрия мазҳабидагилар эса: «Инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади.
Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар Жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри, дейилса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот таоло одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур қилиб, кейин сўроқ-савол қилиб, «Нима учун бу ишни қилдинг?» дея жазолаши адолатсизлик бўлар эди.
Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари ҳам Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган, яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас.
Лекин бу, инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши.
Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.
Бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун, уламоларимиз қуйидаги мисолни келтирадилар:
Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари – қўл, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар Аллоҳ халқ қилган нарсалардир.
Шунингдек, варақ, қалам ва улардаги ёзиш учун бўлган хусусиятларни ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган.
Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Бу Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак.
Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади, деган гапнинг маъноси шу.
Аммо бу, Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди, дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Балки унинг учун инсон аввало ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ инсонда Ўзи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради.
Шундай қилиб, «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўлади.
Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Инсон ана ўша қасди ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри, ҳурлиги ана ўшандадир. Ҳеч бир ақлли инсон “Мен бу ёки у ишни Аллоҳ таоло мажбур қилгани учун қилганман, ўз қилмишимга жавобгар эмасман”, дея олмайди. («Сунний ақийдалар» китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat