Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қарз бермаслик

20:59 / 18.11.2021 | Asadbek | 1460

Ассалому алайкум! Мен бир танишимга анча олдин пул қарз берган эдим, қарз қайтариш муддати келганда қарзни қайтармади, анча ўтганданкин ҳам, менга пул зарур бўлганда ҳам бермади, узоқ вақтдан сўнг қарзини ярмини аранг берди, қоганини кечдим. Бироз вақтдан сўнг яна ўша киши қарз сўради. Мен пулим йўқ дедим, аммо пулим бор эди, мен бу ишим билан гуноҳкор бўлганманми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қарз беришлик энг савобли ишлардан эканлиги барчага маълум. Айниқса, муҳтож қариндош-уруғ ва дўстларга берилган қарзнинг савоби янада улуғ бўлади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар: “Ким бир мўминдан бу дунёнинг ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади...”
Шариатимиз камбағалнинг қарзини кечишга чақиради ва бу ишни қиёмат кунида банданинг гуноҳлари ўчирилишига сабаб қилди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига (қарзни сўраб борсанг), ундан (қарзини) кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар”
Қарз олган инсон уни узишга етарли маблағ топиши биланоқ ҳаққини адо қилиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкони бўла туриб қарзни узмасликни зулм деганлар. “Бойнинг чўзиб юриши зулмдир”. Имом Бухорий ривоят қилган.
 Шундай экан, қарз беришлик шариат тарғиб қилган савобли амаллардандир. Аммо вожиб эмас. Сиз биродарингизга қарз бермасликка ҳаққингиз бор, айниқса у киши қарзни тўламаслик билан барчага танилган бўлса. Лекин, маблағингиз бўла туриб “пулим йўқ” дейишингиз тўғри эмас.  Бу ёлғон ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat