Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Закот

20:25 / 21.05.2016 | Azizaxon_05 | 5028

Ассалому алайкум! Ҳурматли ва азиз устозлар, менинг ўзимга аталган ва тақиб юрадиган тилла анжомларимнинг миқдори 120 гр бўлибди (кўзлари ва тошлари билан биргаликда). Шу тилла анжомларимга қанча миқдорда закот беришим керак? Фарзандларимга атаб олиб қўйган тиллаларимдан ҳам закот беришим вожибми? Катта раҳмат.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 120гр дан тош ва кўзларининг чиқариб, соф тиллонинг грамми ҳисобланади. Қолгани 85гр га тўри келса, унинг қирқдан бир гарммини ёки қирқдан бир граммнинг бозордаги қиймати закотга чиқарилади.

ТИЛЛА-КУМУШ БУЮМЛАР, ИДИШЛАР
ВА ТАҚИНЧОҚЛАРНИНГ ЗАКОТИ 

Ушбу масалада фиқҳий мазҳаблар иккига бўлинишган:
1. Ҳанафий мазҳаби: «Аёлларнинг тақинчоқларидан закот чиқарилади», деган.
2. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари: «Аёлларнинг одатдаги тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот чиқариш фарз эмас», деган.
Ҳанафий уламолар: «Тақинчоқлар нақд пул учун кўзланган маъданлар, яъни кумуш ва тилладан ясалади, бу маъданлардан доимо закот чиқариб келинган ва келинмоқда, тақинчоқ бўлганда улардан ҳам закот чиқарилиши керак», дейишади.
Эслатиб ўтишимиз керакки, бу ерда гап нисоб миқдоридан ортиқ, яъни саксон беш граммдан ортиқ бўлган тақинчоқлар ҳақида кетмоқда. Демак, ҳанафий мазҳабига амал қилган аёллар ўзларининг тилла тақинчоқлари 85 граммдан ва кумуш тақинчоқлари 595 граммдан ортиқ бўлса, закот берадилар. Закот берганда улар қийматининг икки ярим фоизини чиқарадилар.
Ушбу нарсалардан закот чиқариш ҳақида кишилар ўртасида гап-сўзлар, саволлар жуда ҳам кўп. Саволлар бир оғиз сўз билан ёки бир ёқлама жавоб беришни кўзлаб берилади. Кўриниб турибдики, бу оддий масала эмас, тафсилотлар лозим бўлган масаладир. Шунинг учун буни яхшилаб ўрганиб олиб, ҳаётга татбиқ қилишимиз керак. Аёлларимиз ҳам ўзларига тегишли бўлгани учун бу масалани яхши тушуниб олишлари, қизларимизга ҳам тушунтириб қўйишлари лозим. Шариатга мувофиқ ишда хайру барака, савоб ва ниҳоят, кўнгил тўқлиги бор.
Ҳанафий уламоларимиз тилла-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлардан закот бериш борасида қуйидаги фикрларни айтишган:
1. Тилла ва кумушдан ясалган турли буюмлар, идишлар учун закот бериш фарздир. Аввало, Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик ҳамда камбағалларнинг кўнгли чўкишига сабаб бўлгани учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул. Аммо ким ушбу қоидага риоя қилмай, уларни ўзига мулк қилиб олган бўлса, ўша нарсаларнинг ўзи ёки бошқа мулк билан қўшилганда нисобга етса, закот бериши фарз бўлади.
Уламоларимиздан баъзилари: «Бундай идиш ва буюмларнинг нисобга етганини аниқлаш учун уларнинг оғирлиги эътиборга олинади, агар 85 граммга етса, нисобга етган бўлади», деганлар. Баъзилари эса: «Қиймати эътборга олинади, чунки бу нарсалар санъат асари сифатида баҳоси яна ҳам ортган бўлади», дейишади.
2. Эркак кишиларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан ҳам закот олинади. Эркак кишига шариатимизда битта кумуш узук тақишга рухсат берилган. Лекин шундай бўлса ҳам, ўша нарсалардан тақинчоғи бўлса, уни тақиш ёки тақмаслигидан қатъи назар, ўзига мулк бўлиб тургани учун закот беради. Уни бошқа мулкларга қўшиб нисоб ҳисобига киритади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ўсиши керак бўлган молни ўлик мол қилиб қўйиш ҳисобланади ва Исломда қораланади. Зарурат учун, кишининг соғлиғи учун қилинган тилла ва кумуш нарсалар, масалан, тиш, бурун ва шунга ўхшашлардан закот берилмайди.
3. Маржон, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу-зийнати шаклида ишлатилади.
4. Тилла ва кумуш тақинчоқлар тақиш учун эмас, пулни банд қилиш учун, жамғарма қилиш учун, сотиб-фойда кўриш учун олиб қўйилган бўлса, улардан закот бериш вожиб бўлади. Агар шундай қилинмаса, одамлар закот беришдан қочиб, пулига тилла ва кумуш тақинчоқлар олиб қўйишга ўтади. Қолаверса, бундай тақинчоқлар аёлларнинг ҳожати учун эмас, пулни ушлаб ва унинг фойдасини олиш учун жамғарилган бўлади.

МАВЗУГА ОИД САВОЛ-ЖАВОБЛАР 

Савол:Қиз болаларга олиб берилган тилла тақинчоқларнинг закоти кимга вожиб бўлади?
Жавоб: Агар қиз болаларга тақинчоқ олиб бераётган киши «Тақинчоқларни вақтинча тақиб турасан» демасдан, уларга мулк қилиб берса, балоғатга етиб, нисоб соҳиби бўлгунича уларга закот вожиб бўлмайди. Агар мулк қилиб бермаган бўлса, закоти уни берувчининг зиммасига вожиб бўлади, агар у нисоб эгаси бўлса.
Савол:Бир аёлнинг нисобга етадиган тилла тақинчоқлари бўла туриб, бир неча йил уларнинг закотини бермаган бўлса, бундай ҳолатда қандай иш тутса тўғри бўлади?
Жавоб: Нисобга етган йилдан бошлаб тақинчоқларининг закотини йилма-йил, то тақинчоқлар нисобга етмай қолгунича ҳисоблаб, улардан закот чиқаради. Масалан, бир аёл беш йил аввал нисобга етадиган тақинчоқларга эга эди. Беш йил ўтгач, улардан закот бериш кераклигини билди. Энди бу аёл биринчи йил учун тақинчоқларнинг икки ярим фоизини закотга чиқаради. Биринчи йил закотини адо қилганидан кейин қолган тақинчоқларнинг қиймати нисобга етадиган миқдорда қолса, иккинчи йил учун ҳам закот чиқаради. Бундан кейин яна нисобга етса, учинчи йил учун чиқаради. Шу тариқа тақинчоқлар нисобга етмай қолгунича ўтган йиллар учун йилма-йил закот бериб боради. Закотга етмай қолган йилдан бошлаб закот бермайди. Агар аёлнинг тақинчоқларидан ташқари, ҳожати аслиясидан ортиқча маблағи бўлса, закотни чиқаришда уларни тақинчоқларга қўшиб ҳисоблаши лозим. Умрининг охиригача (закотни) адо қилмаса, адо қилиш қийинлашиб бораверади. Агар то вафот этгунича (закотни) адо қилмаса, гуноҳкор бўлади. Тақинчоқ эркакнинг мулкида бўлса, ундан закот чиқариши лозим. Шунингдек, аёлнинг мулкида бўлса ҳам, дирҳам, динордан чиқарилгани каби ундан закот чиқариш лозим бўлади.
Савол:Аёлнинг тақинчоқлари нисобга етадиган бўлсаю, закотини тўлашга маблағи бўлмаса, нима қилади?
Жавоб: Мулк кимники бўлса, закот ҳам унинг зиммасига вожиб бўлади. Аёл киши тақинчоқларидан закот миқдоричасини сотиб, закотини беради. Агар аёл эридан «Закотларимни тўлаб беринг», деб илтимос қилса ва эр адо этса, хотиннинг зиммасидан закот соқит бўлади.
Савол:Тилла тақинчоғимнинг вазни 85 граммдан кам, лекин ясалиш эътиборидан унинг бозордаги нархи 85 граммлик тилла нархидан қиммат. Менга закот вожиб бўладими?
Жавоб: Тилла, кумушдан закот вожиб бўлишида уларнинг бозордаги қиймати эмас, балки вазни эътиборга олинади. Бир кишининг тилла ёки кумуш кўзаси бўлиб, унинг вазни ўн мисқол (42,5 г.) тилла ёки юз дирҳам кумуш бўлса ва унинг ясалган буюм сифатидаги қиймати йигирма мисқол тилла (85 г.) ёки икки юз дирҳам кумушнинг қийматига (595 г.) тенг бўлса, ижмоъга кўра бунда закот вожиб бўлмайди. Кўзанинг қиймати нисобга етса-да, тилла ёки кумушнинг вазни нисобга етмагани сабабли бундай ҳолатда закот вожиб бўлмайди.
Тилла ва кумуш тақинчоқлардан закот чиқаришда жинс эътиборга олинади, яъни агар тилла тақинчоқлардан тилла, кумуш тақинчоқлардан кумуш закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқаради. Агар тилла ва кумуш тақинчоқларнинг закотини уларнинг жинсига хилоф бўлган нарсалар, яъни қоғоз пуллар билан закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қиймати эътиборга олинади. Тилла ва кумушнинг закотини уларнинг жинсига хилоф бўлган нарса билан адо қилса, уларнинг қиймати эътиборга олинади, дея ижмоъ қилинган.
Тилла ва кумуш тақинчоқлар борасидаги асл масала шудир. Лекин диёримиздаги урфда заргарлар тақинчоқ сотиб олаётган пайтда тақинчоқларнинг ясалишига эътибор бермай, вазнига эътибор беришади, яъни тақинчоқлардаги тилланинг вазни қанча бўлса, ўша вазн учун пул тўлашади. Ясалган ҳолатдаги қийматини эътиборга олмайдилар. Лекин тақинчоқни тилланинг вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотишади. Шунинг учун заргарлар қўлларидаги бор тақинчоқлар тилласининг вазнидан эмас, балки тақинчоқларнинг қийматидан закот чиқаришади. Тилла тақинчоқ тижорати билан шуғулланмайдиган истеъмолчилар эса тақинчоқларнинг вазнидан закот чиқаришади. Тақинчоқ тақувчилар уларни сотишда вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотадиган бўлишса, тақинчоқлардан закот бераётган пайтда уларнинг қийматидан закот чиқаришади.
Бир кишининг вазни икки юз дирҳамга тенг кумушдан (яъни 595 грамм кумушдан) ясалган кўзаси бўлса ва унинг қиймати уч юз кумуш танга бўлса, агар закотини кумушда бермоқчи бўлса, қирқдан бири, яъни қиймати етти ярим дирҳам бўлган беш дирҳам беради (кумуш кўзанинг вазни икки юз дирҳамга, қиймати эса уч юз дирҳамга тенг. Икки юз дирҳамнинг қирқдан бири беш дирҳамдир. Кўзанинг қиймати бўлган уч юз дирҳамнинг қирқдан бири етти ярим дирҳамдир). Агар (кумуш кўзанинг закотини кумушдан) бошқа жинсда бермоқчи бўлса, уламоларнинг ижмосига кўра (бозордаги кўзанинг уч юз дирҳамлик) қиймати эътиборга олинади (ва уч юзнинг қирқдан бири закот сифатида берилади).
Тақинчоқларнинг қиймати 85 грамм тиллага етса, тақинчоқларнинг бозордаги сотилиш нархи қанча бўлса, ўша нархнинг қирқдан бири закотга ажратилади. Молнинг  закотини бошқа турдаги мол билан берса, вожиб бўлган миқдорнинг қийматини беради.
Савол:Тилла, кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам закот чиқариладими?
Жавоб: Бундай тошлар тижорат мақсадида олинган бўлмаса, улардан закот берилмайди. Тилла тақинчоқларга қўйилган бундай тошларнинг вазнини чиқариб ташлаб, қолган соф тилла ёки кумуш вазнидан закот берилади. Тилла ва кумушдан бошқа ёқут, фируза, гавҳар, марварид, зумрад, забаржад, темир, мис, қўрғошин, шиша кабилардан закот берилмайди, агар чиройли тарзда ясалган ва нархи қиммат бўлса ҳам. Мушки анбар каби моддалардан ҳам закот йўқ.
Савол:Тилла, кумуш тақинчоқларнинг ишлатилаётганидан закот бериладими ёки ҳожати аслиядан ортган миқдориданми?
Жавоб: Тақинчоқлар хоҳ ҳожати аслия бўлсин, хоҳ ҳожати аслиядан ташқари бўлсин, улардан закот берилади.
Савол: Идиш-товоқ каби нарсаларга тилла суви юритилган бўлса, ўша тилладан ҳам закот бериладими?
Жавоб: Зеб-зийнат сифатида буюмларда фойдаланилган тиллалар улардан ажраладиган бўлса, тилланинг вазни аниқланиб, улардан закот берилади. Агар тилла ажратиб бўлмайдиган даражада бўлса, улар йўқ деб ҳисоб қилинади ва улардан закот чиқарилмайди.
Савол:Тилла ва кумушдан ясалган бурун, тиш ва суякларни бир-бирига улаш учун қўйилган тиллалардан закот бериладими?
Жавоб: Фиқҳ китобларимизда: «Булар ўсувчи бўлмагани учун закот вожиб бўлмайдиган нарсалар ҳисобланади ва улардан закот берилмайди», деб айтилган. Шунинг учун бундай тиш ёки бурунни бемалол чиқариб, сотиб юбориш имконияти бўлса, унда закот вожиб бўлади. Агар маҳкамлаб қўйилган бўлса, закот вожиб бўлмайди, чунки бунда зиёда бўлиш имкони йўқдир.(“Мўминнинг нажоти” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat