Ассалому алайкум! Интернет тармоқларида кўплаб одамлар қабрни кўрсатиб бақирган овозлар қўйябди лекин Қуръони каримда қабр азовини овозини йер юзидаги хайвонлар эшитади дейилган бундай иш килиш гунох эмасми Аллоҳнинг кахри келмайдими шундай иш килганларга
– Ва алайкум ассалом! Қуръони каримда бу маънода оят йўқ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва:
«Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса:
«Шаҳодат бераманки, албатта, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Унга:
«Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади. У икковини ҳам кўради.
Кофир ёки мунофиққа эса:
«Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади.
«Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас, унга:
«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Ўшанда у шунақанги қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар. Валлоҳу аълам!