Ассалому алайкум! Сехр қилинганми ёки йўқми буни билишни йўли борми, сехрдан қутулиш йўлини ўргатинг, илтимос.
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَبَانَ بْنِ عُثْمَانَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ قَالَ بِسْمِ اللهِ الَّذِي لَا يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ، ثَلَاثَ مَرَّاتٍ لَمْ تُصِبْهُ فَجْأَةُ بَلَاءٍ حَتَّى يُمْسِيَ، قَالَ: فَأَصَابَ أَبَانَ الفَالِجُ، فَجَعَلَ الرَّجُلُ الَّذِي سَمِعَ عَنْهُ الْحَدِيْثَ يَنْظُرُ إِلَيْهِ، فَقَالَ لَهُ: مَا لَكَ تَنْظُرُ إِلَيَّ! فَوَاللهِ مَا كَذَبْتُ عَلَى عُثْمَانَ، وَلَا كَذَبَ عُثْمَانُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَلَكِنِ الْيَوْمُ الَّذِي أَصَابَنِي فِيْهِ مَا أَصَابَنِي غَضِبْتُ فَنَسِيْتُ أَنْ أَقُولَهَا. رَوَى هَذِهِ السِّتَّةَ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис-самааи ва ҳувас-самийъул алийм»ни уч марта айтса, кеч киргунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди», деганларини эшитдим».
Абонга фалаж етди. Ундан юқоридаги ҳадисни эшитган киши унга қарай бошлади. Шунда Абон унга:
«Нимага менга (бундай) қараяпсан?! Аллоҳга қасамки, мен Усмонга ёлғонни нисбат берганим йўқ. Усмон ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғонни нисбат бергани йўқ. Аммо менга мусибат етган куни ғазабланиб, уни айтишни унутибман», деди».
Ушбу олтитани «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси ва қаҳрамони Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. У киши оталари – буюк саҳобий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис-самааи ва ҳувас самийъул алийм»ни уч марта айтса, кеч киргунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди» деган ҳадисларини эшитиб, кейин ўзлари одамларга ривоят қилиб юрар эканлар. Иттифоқо, бир куни у киши фалаж хасталигига чалинибдилар.
Бемор ётган Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳуни кўргани одамлар кела бошлабдилар. Шунда у кишидан биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилган киши ҳам келиб қолибди. У киши Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳуга ажабланиб қарай бошлабди.
Унинг қарашида «Ўзинг шундай ҳадиси шарифни ривоят қилиб туриб, қандай қилиб бу балога йўлиқдинг? Ҳадиси шарифга ўзинг амал қилмасмидинг?» деган савол бор эди. Буни сезган Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу ҳалиги одамга:
«Нимага менга (бундай) қараяпсан?! Аллоҳга қасамки, мен Усмонга ёлғонни нисбат берганим йўқ. Усмон ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғонни нисбат бергани йўқ. Аммо менга мусибат етган куни ғазабланиб, уни айтишни унутибман», деди».
Демак, ким ихлос билан ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқиб юрса, унда берилган ваъдадан баҳраманд бўлар экан. Бунга эътиқод ва амал қилишга одатланмоғимиз керак.
Дуонинг маъноси қуйидагича: «Исми бирга бўлганда ҳеч нарса зарар қилмайдиган Аллоҳнинг номи ила. У Зот ўта эшитувчи ва ўта кўрувчидир».
عَنْ عَبْدِاللهِ بْنِ خُبَيْبٍ رضي الله عنه، قَالَ: خَرَجْنَا فِي لَيْلَةٍ مَطِيرَةٍ وَظُلْمَةٍ شَدِيدَةٍ نَطْلُبُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي لَنَا، قَالَ: فَأَدْرَكْتُهُ، فَقَالَ: قُلْ، فَلَمْ أَقُلْ شَيْئًا، ثُمَّ قَالَ: قُلْ، فَلَمْ أَقُلْ شَيْئًا، قَالَ: قُلْ، فَقُلْتُ: مَا أَقُولُ؟ قَالَ: قُلْ: قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ، وَالمُعَوِّذَتَيْنِ حِينَ تُمْسِي وَتُصْبِحُ - ثَلاَثَ مَرَّاتٍ - تَكْفِيكَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ
Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир ёмғирли ва зулматли кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга намоз ўқиб беришлари учун излаб чиқдик. Бас, у Зотни топдик. Шунда у Зот менга:
«Айт», дедилар.
Мен ҳеч нарса айтмадим. У Зот яна:
«Айт», дедилар.
Мен ҳеч нарса айтмадим. У Зот яна: «Айт», дедилар.
«Нимани айтаман, эй Аллоҳнинг Расули?!» дедим.
«Қул ҳуваллоҳу аҳад ва муъаввизатайнни эрталаб бўлганда ва кечқурун кирганда уч марта айтсанг, ҳар бир нарсадан кифоя қилади», дедилар». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!