Ассалому алайкум! Биламизки ҳозирда кўпчилик дуоларни 10-100 марта айтсангиз шу нарса бўлади дейишади. Мисол учун "Субҳаноллоҳу ва биҳамдик" сўзини 100марта айтишлик кунига денгиз билан тенг гуноҳларни ювишга ёрдам беради. Аммо шу 100тадан кам ёки кўп айтсачи, унда қандай бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Аслида суннатда келган ададга риоя қилинса, айни суннат бажарилади. Аммо ундан кўп қилишни аллома Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ жоиз деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ، لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، فِي يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ كَانَتْ لَهُ عَدْلَ عَشْرِ رِقَابٍ، وَكُتِبَتْ لَهُ مِائَةُ حَسَنَةٍ، وَمُحِيَتْ عَنْهُ مِائَةُ سَيِّئَةٍ، وَكَانَتْ لَهُ حِرْزًا مِنَ الشَّيْطَانِ يَوْمَهُ ذَلِكَ حَتَّى يُمْسِيَ، وَلَمْ يَأْتِ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِمَّا جَاءَ بِهِ إِلَّا أَحَدٌ عَمِلَ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ. وَمَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، فِي يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ حُطَّتْ خَطَايَاهُ وَلَوْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ким бир кунда юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр», деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади, унга юзта ҳасана битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақлаш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунича давом этади. (Буни) шундан кўпроқ қилган кишидан бошқа ҳеч ким у келтиргандан афзалроқ нарса келтира олмайди».
Ким бир кунда юз марта «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади», дедилар».(“Руҳий тарбия” китобидан). Валлоҳу аълам!