Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жамотга кеч қолган одамлар намозни қандай ўқийди

00:00 / 03.02.2007 | eski savollar | 10159

Шайх жаноблари. Менинг сизга 2-та саволим бор эди:
1- Бир Масжидда бизга Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган намозлар (Бомдод, Пешин, Аср, Шом, Хуфтон )дан бири имом бошчилгида ўз вақтида ўқиб бўлинди ва маълум сабаблар билан бу намозга 2та, 3та, 10та ваҳо қазо одам улгира олмади. Шу ҳолатда намозга улгира олмаган инсонлар намозни жамоат бўлиб ўқиганлари маъқулми ёки алоҳида. Бу намозга бериладиган савоб даражаси қандай, агар жамоат бўлиб ўқиш мумкин бўлса, жамоатга имом бўлган инсон меҳробда тургани маъқулми ёки бошқа ерда. Шу ҳақида бизнинг мазҳабимиз (Имоми Аъзам, Аллоҳ У зотдан рози бўлсин) нима дейди
2-Бир йилча олдин менинг қўлимга Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» номли китоби тушиб қолди. Жалолиддин Румийни ҳаётларини билишга бўлган қизиқишим туфайли секин аста бу китобни ўқий бошладим ва ундаги қизиқарли (шубҳалантирадиган) маълумотга дуч келдим. Унда ёзилишича ( 1-боб, Башорат ,18-бет 2-абзас Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриёти 1986-йил, бу китобнинг қайта нашри ҳам чиқган ) Гўёки Мўғуллар ҳақида шундай дейилган. Китобдан иқтибос: Ҳадиси муборакда худойим:"Мен уларни Ўз қаҳру ғазабимдан яратдим", демиш. Ўқиб ҳайрон бўлдим ва нимагадир шубҳаландим ва бу китобни ўшандан бери ўқимай қўйдим. Сизнинг Мўғуллар ҳақида китобингизда ("Тасаввуф ҳақида тасаввур") ва бошқа маълумотларда бунга ўхшаш маълумотни учратмаганман. Муаллифнинг шу маълумоти тўғрими. Бу саволни беришимга сабаб бу китоб ҳозир ҳам расталарда сотилмоқда. Табиийки Жалолиддин Румий тўғриларида бўлгани учун кўпчиликни ўзига жалб қилади. Шайх ҳазратлари агар бу саволимнинг бизларга фойдали тарафи бўлса жавоб беринг, бўлмаса қимматли вақтингизни сарфлаб ўтирманг. Дин йўлидаги хизматларингизни Аллоҳни Ўзи улкан ажрлар билан мукофатласин. Омийн


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ассалому алайкум! 1. Имоми бор масжиддаги жамоатга кеч келган одамлар яна жамоат бўлишлари ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари бўйича макруҳ ҳисобланади. Агар масжид йўл бўйида бўлса, иккинчи ва бошқа жамоатлар ҳам жоиз. Ҳанбалий мазҳаби бўйича ҳамма масжидларда жамоатни такрор бўлиши жоиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб борсаю, одамларни намоз ўқиб бўлганларида топса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша намозга ҳозир бўлиб, уни ўқиганларнинг ажрича ажр берур. Бу уларнинг ажрларидан бирор нарсани кам қилмас», дедилар». 
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Асосий жамоатдан кейин бўлган иккинчи жамоатнинг имоми меҳробдан бошқа жойда туради дейилган.

2. Сизнинг мазкур китоб ҳақидаги салбий фикрингизга тўлалигича қўшиламан. Унда ҳадис деб келтирилган гапнинг асоси йўқ. Мазкур китобнинг ёзувчиси бундан бошқа хатоларга ҳам йўл қўйган. Бунинг устига қасддан Ислом динига бўхтонлар қилган. У ўз китобининг сиз эслаб ўтган нашрига ёзган муаллифлик сўзида Мавлоно Жалолиддин Румий ҳақларида жумладан қуйидагиларни ёзган: «Шоир ва мутафаккир умр бўйи диний ақийдалар истибдодига қарши, инсон руҳи эркинлигини ҳимоя қилди». «Шоир умр бўйи тош қотган диний ақийдаларга, фикр ва туйғуларни занжирбанд этувчи русумларга қарши жанг қилди». Минг афсуслар бўлсинким, ғарблик шарқшунослар бунга ўхшаш гапларни ёзиб турадилар. Бизда эса сизга ўхшаган зийрак ўқувчилар камлик қилади. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, мусулмон оламининг кўзга кўринган сўфийси, унинг номи билан тарийқатлардан бири номланадиган улуғ зотни юқоридаги сифатлар билан сифатлашни ақл бовар қиладими? Албатта, йўқ. Аммо Радий Фишга ўхшаш шарқшунослар бу каби гапларни илмий ҳақиқат даражасига кўтаришади. 2007 йил ЮНЕСКО томонидан «Жалолиддин Румий» йили деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ўз тилимизда у зот ҳақларида ёзилган баъзи битикларга бир назар солиб чиқдим. Қарасам, у зот ҳақида диний илмли кишилар тарафидан ёзилган нарса йўқ экан. Албатта, мендаги маълумотга қараганда. Ҳаракат қилиб у киши ҳақида баъзи маълумотларни ёзишни Аллоҳ таоло насиб этди. Кези келганда нашр бўлиб ҳам қолар.

Топ рейтинг www.uz Openstat