Ҳурматли шайх ҳазратлари, Аллоҳ мартабангизни икки дунёда ҳам баланд қилсин. Илмингизни зиёда қилиб, бизларга ҳали кўп илм беришингизни насиб этсин. Менинг саволим қуйидагича эди.
Маълумки моли нисобига етган мусулмон закот бериши фарз. Ҳамда бу закот илм олаётган талабаларга ҳам берилса бўлади деб эшитганмиз. Бундан ташқари ҳадисларда садақаи жорияларнинг бир тури сифатида илм қолдириш: китоб, талаба ўқитиш тилга олинади.
Савол:
1. Садақаи жория деганда, илм олаётган (мадрасада ўқиётган) талабага моддий ёрдам кўрсатиш ҳам кирадими?
2. Агар закот берувчи шу закотини илм олаётган талабага берса, шу закот айни пайтта садақаи жория ҳам ҳисобланаверадими?
Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Бизларни ҳаққимизга ҳам дуо қилишингизни илтимос қилиб, ҳурмат билан.
Ассалому алайкум! Илм олаётган талаба закот олишга ҳақдор бўлса, закотни унга бериш афзал. Ўзи бой бўлса, бериб бўлмайди.«Садақаи жория»ни ўз тилимизга таржима қилсак, оқувчи садақа деган маъно чиқади. Яъни, савоби тўхтаб қолмайдиган дегани. Бундай садақалар ҳақида келган ҳадиси шарифни ўргансак, яна ҳам тушунарлироқ бўлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан; жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.
Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибийн фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар банда бемор бўлиб узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди қилгандек савоб ёзадилар. Вақти соати келиб инсон вафот этса, яхши амалларини тамоман қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари-қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганда, рўза тутганда, тиловат, зикр қилганда ва бошқа яхши амалларидан ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди. Ибодат қилишдан амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга мўмин киши тириклик чоғида охиратни ўйлаб вафотидан кейин ҳам савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафотидан сўнг амали кесилишини таъкидлаш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканлигини таъкидламоқдалар:
1.«Жорий садақа».«Жорий садақа», дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун кўпчилик фойдаланиш учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Модомики, ўша нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турсалар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоби ёзилиб туради. Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келишган. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Табиийки, улардан ҳосил бўлган савоблар эгаларига уларнинг вафотидан кейин ҳам бориб турган. Мазкур хайрли ишларни қилган кишилар «намои аъмол»ларига ўзларининг вафотларидан кейин ҳам савоб ишлар ёзилиб, охиратларига фойда бериб турган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
2.«Манфаат олинадиган илм». Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса савоби узилмайдиган амал қолдирадиган бўлади. Бу эса, илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш аввало бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаат етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади. Иккинчиси-китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса у кишига, ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади. Учинчиси-илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам берди. Мадраса қуради ёки қуришга ёрдам берди. Китобни чоп эттиради ёки олимларга, талабаларга сотиб олиб берди. Ўз маблағидан кутубхона қилди. Бошқа илмий ишларга ёрдам берди. Мана шулар ва шунга ўхшаш ҳамма ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам савоблари узулмай бориб туради.
3.«Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилиб турса савоби етиб туради. Бунинг учун эса, мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор, чин мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она ўлгандан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин, деб фарзанд боқади. Диний тарбия беришдан мақсад ҳам-шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриши масъулиятини ҳис қиладиган бўлишигина бу мақсадга эриштиради.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Одам боласи вафотидан сўнг уч амалдан бошқаси кесилади.
2. Жорий садақа қилган одамнинг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.
3. Манфаатли илм қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.
4. Солиҳ фарзанд қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.