Ассалому алайкум! Мусулмон инсон ичидаги исёнларига ва нафсига эргашиб муртад бўлишдан қўрқса, ўзини ўлдирса бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Динимиз бундан қаттиқ қайтарган.
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ مِلَّةِ الْإِسْلَامِ فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ عُذِّبَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ، وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ، وَمَنْ رَمَى مُؤْمِنًا بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ الْأُصُولُ الْخَمْسَةُ.
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш уни қатл этиш кабидир. Ким мўминни кофирга чиқарса, бу уни қатл этиш кабидир», дедилар».
Ушбу уч ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган масалани зикр қилмоқдалар:
1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».
Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким «Агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай», деса, яҳудий бўлади. Ёки «Агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай», деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.
2. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади».
Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиқамиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек, гуноҳкор бўлади. Чунки унга жонни Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандай қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб, қайта-қайта ўлдириб туради.
عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ قَتَلَ نَفْسَهُ بِمَشَاقِصٍ، فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас, у зот унга жаноза ўқимадилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.
Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамга қилган номаъқулчилиги учун берилган муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўз жонига қасд қилди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Бандам жони ҳақида Мендан аввал ўзи шошқалоқлик қилди. Унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзини-ўзи бўғган дўзахда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига-ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар. Демак, ўзини-ўзи ўлдирган одамнинг дўзахга тушишига шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиши учун бу дунёда ҳам ундайларга ўзгача муносабатда бўлинади.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!