Ассалому алайкум! 1. Эркак киши даюс бўлиб қолмаслиги учун аёлини ҳатто қариндошларидан қизғониши керакми? Улар билан алоқани чеклаб даюс бўлмаслик учун ҳаракат қиляпман деса қанчалик тўғри бўлади? Номаҳрам қариндошлар билан қай даражада силайи раҳмни ушлаш керак? 2. Эркак киши рашк қилсаю аёлини ишлатмаса аммо ўзи қизлар ва аёллар билан эркин мулоқот қиладиган жойда ишласа ва қиз бола ишчисини кеч бўлиб, кетишга қийин бўлиб қолган вазиятда уйига кузатиб қўйса қанчалик жоиз бу? Адолатсизлик бўлмайдими аёл кишига нисбатан?
– Ва алайкум ассалом! 1). Аёл киши номаҳрамлар билан гарчики қариндоши бўлса ҳам ёлғиз қолиши, ҳожатдан ортиқ гаплашиши жоиз эмас.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَرَأَيْتَ الْحَمْوَ؟ قَالَ: الْحَمْوُ الْمَوْتُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинг!» дедилар.
Шунда бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди.
«Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у Зот».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолишига олиб келади.
Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга, ҳеч демаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига сабаб бўлади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисини ҳам Шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундоқ ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас.
Баъзи бирлар даъво қиладигандек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри ёхуд эркакнинг хотини келиб қолса, уларни дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?
Баъзи бир кишилар эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади, зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотин олдига кирса нима бўлибди, дейишади.
Саҳобаи киромлар ҳам худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган экан. У Зот бу иш ўлим билан баробарлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, шунчалар хатарли дебдилар. Чунки бу нарса бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса, ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас.
Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимнингдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйгани ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга қатъий амал қилавериши лозим.
2). Ҳар бир жон қилган қилмиши учун охират куни ўзи жавоб беради. Эрингиз бирор ношаръий иш қилаётган бўлса, бу сиз ҳам шундай иш қилишингиз жоизлигини билдирмайди. Зино ва фаҳш бу бир неъмат ёки фазилат эмаски, эрингиз унга қўл уриб, сизга изн бермаслиги адолатсизлик бўлса. Шу разолатни қила олмаётганингиз учун ич-ичингизда куюнаётган бўлсангиз, ҳалол ва ҳаромни қайта ўрганиб олинг. Валлоҳу аълам!