Ассалому алайкумХазрат бир нечта саволим бор эди1. Инсон шиддатга тушганда ёки бошига бир кулфатлар келганида ёки шунга ўхшаш нарсалар содир бўлса, бу одам ўзи ўлган ёки тирик шайхидан мадад сўраши ёки шайхини тасарруф қила олади деган этиқодда бўлиши аҳли сунна вал жамоа ақийдасига тўғри келадими?2. Шайхини ҳар жойда ҳозиру нозир деб билишчи?3. "Уларни ўликлар деб атамангиз" деган маънодаги ояти карима бор экан... Шунинг тафсирини бизларга ўргата оласизми? Баъзи танишларимиз ўз шайхлариниг вафотидан кейин ҳам тасарруф қилишга қодир деганига шу оят маъноларини далил қилар экан.
– Ва алайкум ассалом!
«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир.
Ҳақ ҳузурига ва қайта юрувчиларимиздир.
Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир.
Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир.
Йўлни босиб ўтиб, қайтиб келганимиздир.
Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир.
Ундаги паст баландлардан ўтганимиздир.
Қуму тупроғларини синаб кўрганимиздир.
Унда бориб келиб, жавлон урганимиздир.
Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир.
Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир.
Анҳору булоқларни яхши билганимиздир.
Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир.
Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир.
Сув манзилларин ишончла топганимиздир.
Ҳар бир ичиш жойини топиб ичганимиздир.
Ул ушбу муҳим иш ила тик турганимиздир.
Унга, сен отлиқлар шайхисан, деганимиздир.
Мазкур сафар бўлур қалб билан, деганимиздир.
Шайх эса бу ишда табиб каби деганимиздир.
Ул уларнинг озғинин семизин билганимиздир.
Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир».
Кейинги байтларда қалб табиблиги учун шайх қандоқ муолажа олиб бориши ҳақида гап кетади. Биз эса юқорида зикр этилган байтларни бир оз кенгроқ ва батафсилроқ англаб етишга ҳаракат қилайлик.
«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир».
«Ҳақ ҳузурига ва қайта юрувчиларимиздир».
Яъни, албатта, тасаввуфга кирган кишилар мақомлардан мақомларга сафар қилувчи одамлардир. Улар ислом мақомидан иймон мақомига, сўнгра эҳсон мақомига, кейин тақво мақомига, ундан сўнг шукр мақомига сафар қиладилар. Яна улар Аллоҳ таолонинг ишларини кўришдан Унинг сифатлари ва исмларини ҳис қилишга, нафс беморлигидан унинг соғломлигига сафар қиладилар. Уларнинг сафарининг мақсади Ҳақ таоло ҳузуридир. Улар бу сафарларида ҳар мақомда бир тўхтаб аста юриб борадилар. Ғафлат мақомидан сергаклик мақомига, сергаклик мақомидан ҳузур мақомига ва ҳакозо.
«Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир».
Яъни, ўша мақомларда сафар қилишлари лозим бўлган, тасаввуф йўлига кирган кишилар ўзларига йўл бошловчи далил-йўл кўрсатувчига муҳтождирлар. Ана ўша йўл кўрсатувчи-далил бир қанча сифатларни ўзида мужассам қилган бўлиши лозим:
«Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир».
Яъни, ўшал далил-шайх мазкур йўлда юришнинг жуда устаси бўлиши керак. Қачон юриб, қачон дам олишни ҳам яхши билмоғи шарт. Ҳар бир кишини чарчатмасдан осон равишда йўлда юришига ёрдам бериши лозим.
«Йўлни босиб ўтиб, яна қайтганимиздир».
Яъни, шайх аввал ўзи бу йўлни бошидан охиригача яхшилаб босиб ўтган бўлиши керак. Кейин бошқаларга йўл кўрсатиш учун қайтиб келган бўлмоғи лозим. Сўнгра,
«Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир».
Яъни, ўшал йўлни аввалидан охиригача босиб ўтган шайх ўз муридларига ўзи топган фойдаларни гапириб бериб уларни йўлнинг бошидан бошлаб кетади. Тасаввуф йўлидаги фойдалар эса завқлар илми ва шоҳидлик нурлари каби нарсалар бўлади. Шунинг учун ҳам азизларимиз, шайхда тўғри илм, равшан завқ, олий ҳиммат ва дарли ҳолат бўлиши керак, деганлар.
«Ундаги паст баландлардан ўтганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлидаги хокисорлик, узлат каби пастликлардан ва нафс жиҳоди ҳамда арми маъруфу даъват каби машаққат чўққиларини ўтган киши бўлмоғи шарт.
«Қуму тупроғларини синаб кўрганимиздир».
Яъни, муршид шайх тасаввуф йўлининг қаттиқ юмшоғини ҳам нозик жойларигача пухта билиши керак. Чунки у ўз муридларининг ҳар бирига уларнинг табиати ва ҳимматига қараб алоҳида муомала қилиши лозим.
«Унда эртаю кеч, жавлон урганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлининг кечаси ҳам кундузи ҳам яхши кўра оладиган, бошқача қилиб айтганда бидоят ва ниҳоят илмларини пухта ўзлаштирган одам бўлиши керак.
«Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлида мурид дуч келадиган синовлар ва енгилликлар ҳамда тўхташлар ва беришларни чуқур тушиниб етган бўлмоғи лозим.
«Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир».
Яъни, шайх нимада муридга хавфу хатар борлигини ва нимада муридга амну омон борлигини охиригача англаб етган шахс бўлиши шарт. Хавфу хатар креаксиз улуғлаш ва таъзим қилиш, дангасалик, дунёга ружуъ қўйиш каби нарсалардир. Амну омон фарзу вожиб ҳамда суннатларга оғишмай амал қилиш, нафлларни кўпайтириш ва аҳли солиҳларнинг суҳбатларида кўпроқ бўлиш каби нарсалардир.
«Анҳору булоқларни яхши билганимиздир».
Яъни, шайх шариат илмларини ва кишилар табиатларини яхши биладиган одам бўлиши керак. Бу байтдаги анҳордан мурод шариат илмлари ва булоқлар эса кишилар табиатларидир. Шайх шариат илмларини яхши билган ва муридларнинг табиатларини ҳам пухта билган бўлсагина илм ила табиатларни фаввора каби отилиб чиқишига сабабчи бўлади.
«Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир».
Яъни, шайх нафс балоси чўлининг шаҳват тиконлари ҳамда қаттиқ жойларини ҳам, Аллоҳ таолонинг розилигидан узоқда бўлган саҳроларини ҳам тинмай кезиб имтиҳондан бутун чиққан киши бўлиши керак.
«Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир».
Яъни, шайх Аллоҳ таолонинг йўлида юрадиганлар дуч келадиган ғовларни ҳам, тўсиқларни ҳам мувофақият билан енгиб ўтган шахс бўлиши лозим.
«Сув манзилларин ишончла топганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлидаги чанқоқ қолдирадиган сувхоналар-яқин, вараъ, зоҳидлик, хавфу ражо, таваккул, сабр, ризо, таслим, мушоҳада, тазкия, фано аммо сиваллоҳ ва бақо биллаҳ кабилардан сув ичган бўлиши шарт.
«Ҳар бир ичиш жойини топиб ичганимиздир».
Яъни, шайх юқорида зикр этилган мақомларнинг ҳар бирини топиб унинг сувидан тўйиб-тўйиб ичган бўлиши керак.
«Ул ушбу муҳим ишларла тик турганимиздир».
Яъни, шайх мазкур ишларни қоим қилган ва қоил қилган бир зот бўлганидан барча,
«Унга, сен отлиқлар шайхисан, деганимиздир».
Яъни, ҳамма одамларни унинг ҳолу сифотларини кўриб туриб тан бериб сен бизнинг тарийқатдаги шайхимизсан деб тан олган одамгина ҳақиқий шайх бўлади.
«Мазкур сафар бўлур қалб билан, деганимиздир».
Яъни, аввал бошдан васф қилиб келинаётган сафар қалб билан бўладиган сафардир. Бу руҳоний сафардир. Бу сафар тўрт ердан тўрт ерга бўлади. Биринчиси гуноҳ ва ғафлат еридан тавба ва сергаклик ерига бўлади.Иккинчиси дунёга ҳирс қўйиш еридан зоҳидлик ва охират талаби ерига бўлади.Учинчиси нафсларнинг ёмонликлар ва қалбларнинг айблари еридан ўша нарсалардан холий бўлиш ва уларнинг зидлари билан зийнатланиш ерига бўлади.Тўртинчиси борлиққа шуҳуд бўлиш еридан борлиқ Роббисига шуҳуд бўлиш ерига бўлади.
«Шайх эса бу ишда табиб каби деганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуфда худди ҳаётда беморларга қарайдиган табиб кабидир. Табиб кишиларнинг танасидаги хасталикларни муолажа қилса, шайх уларнинг қалбларидаги хасталикларни муолажа қилади.
«Ул уларнинг озғинин семизин билганимиздир».
Яъни, шайх қалбларнинг илмдан, амалдан, ҳолдан, яқиндан, нурдан бебаҳра бўлган озғинини ҳам, илмга, амалга, ҳолга, яқинга ва нурга тўлган семизини ҳам яхши билиши керак.
«Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир».
Яъни, шайх кўп гуноҳ ва ғафлат туфайли қатиб қолган қалбни ҳам, тақво, хушуъ хузуъ ила мулойим бўлган қалбларни ҳам билиб уларнинг ҳар бирига ўзига хос муомала қиладиган уста мураббийдир.Мазкур сифатларни ўзида мужассам қилган шайхлар ҳақиқий шайхлар бўладилар. Уларга ҳеч иккиланмай эргашилса, кам бўлинмайди. Аммо шайхларни баҳолашда дин илмидан бехабар муридларнинг мақтовлари ўлчов бўла олмаслиги ҳаммаг маълум. Эътибор берадиган бўлсак, юқорида зикр этилган оят, ҳадис ва аҳли тасввуфнинг шайх ҳақидаги гапларида бугунги шайхлар мадҳида айтиладиган маддоҳликларнинг биттаси ҳам йўқ. Демак, бу борада кўзимизни очишимиз лозим. Ким кўринганни шайх деб этагини тутиб кетавериш дуруст эмас.
3. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз», (154-оят).
Мўмин-мусулмонлардан баъзилари Аллоҳ йўлида, унинг сўзини ўзи муносиб бўлган олий мақомга етказиш учун, ҳақ динини бошқа ботил ва бузилган динлардан устунликка эриштириш учун бўлган ҳаракатларда қатл этиладилар. Шунда улар одамлар кўзида гўё ўладилар. Аммо Аллоҳ таоло ушбу оятда уларни ўликлар демасликка амр қилмоқда.«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг». Демак, уларнинг ўлими зоҳирий ўлим, бошқа одамларнинг кўзига ўлим бўлиб кўринади, холос.
«Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз».
Аслида, ушбу оятда таъкидланганидек, улар тирикдирлар, аммо уларнинг тирикликларини биз сезмаймиз. Уларнинг ҳаётлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки инсон ҳаёт ва ўлимнинг ҳақиқатини англаб етиши мумкин эмас. У зоҳирга қараб, ҳаракатдагини ҳаёт, ҳаракатсизини ўлик деб ҳукм чиқараверади. Аммо шаҳидларни, Аллоҳнинг йўлида жонини қурбон қилганларни Аллоҳ тирик деяптими, демак, улар тирик бўладилар. Шунинг учун ҳам уларни бошқа ўликлар сингари ювилмайди. Чунки ўлик баданини поклаш учун ювилади. Шаҳидлар ўзлари пок, улар тирикдирлар. Ҳам шаҳидларга ўликларнинг кийими–кафан кийдирилмайди, қайси кийимда шаҳид бўлсалар, ўшанда дафн этиладилар.