Ассалому алайкум! Мени бир нарса анчадан буён кийнаб юрибди. Биламизки сигарет ва нос чекиш гунох ишлардан бири буларни чеккан намозхоннинг тахорати синади деб уйлайман бу мени фикрим. Тахорат синишини хеч бир уламо далиллар билан исботлаб беролмасада бу харом қилинган нарсалар. Менинг саволим шуки, сигарет ва нос чекиб тахоратини янгиламай нос ва сигарет чеккан одамнинг тахорати синмайди деб бошқаларга фатво берадиган чекишга муккасидан кетган имомга масжидда иқтидо қилиб ўқиса намози қабулми ёки намоз бузиладими?
– Ва алайкум ассалом! Иқтидо қилинади.
لِأَبِي دَاوُدَ وَالدَّارَقُطْنِيِّ: الصَّلَاةُ الْمَكْتُوبَةُ وَاجِبَةٌ خَلْفَ كُلِّ مُسْلِمٍ بَرًّا كَانَ أَوْ فَاجِرًا وَإِنْ عَمِلَ الْكَبَائِرَ
Абу Довуд ва Дора Қутний келтирган ривоятда:
«Фарз намоз ҳар бир мусулмоннинг ортидан — у яхши бўлса ҳам, фожир бўлса ҳам, кабира гуноҳларни қилса ҳам вожибдир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан ҳар ким имом бўлаверар экан, деган гап келиб чиқмайди. Аввал ўтган ҳадислардан ўрганганимиздек, имомликка энг олий сифатларга эга бўлган мусулмонларгина ўтадилар. Билиб туриб, номуносиб одамни имом қилишга уринган киши гуноҳкор бўлади. Номуносиб одамнинг ўзи турли йўллар билан имом бўлиб олиши ҳам гуноҳдир. Имом бўладиган одам ихлосли, тақводор, илмли, адолатли ва бошқа яхши сифатларга эга бўлиши керак. Буларни юқорида ўрганиб чиқдик. Ушбу биз ўрганаётган ривоятдаги ҳолат эса тақдир тақозоси билан мусулмонларнинг ихтиёридан ташқари имомликка ўтишни ўзига эп кўрган, агар уларга қарши гап-сўз бўлса, мусулмонлар ўртасида фитна чиқиб, зарар етиши мумкин бўлган ҳолга тегишлидир. Шунинг учун ҳам ушбу ривоятни шарҳлаган олимлар ўтган замонда улуғ, аҳли солиҳ кишилар ҳам баъзан золим, фосиқ ҳокимлар ортидан намоз ўқиганларини зикр қилганлар. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийнинг ортидан намоз ўқиганлиги ҳақида ривоят келтирганлар. Ҳажжож ибн Юсуф ўз номи билан, яъни Ҳажжожи Золим номи билан машҳур. Унинг исмига доимо золимлик сифати қўшиб зикр қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек улуғ саҳобий фитна бўлмаслиги учун унинг кетидан намозда иқтидо қилганлар. Шунингдек, улуғ саҳобийлардан Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу Марвон ибн Ҳакимнинг ортидан намоз ўқиганлар. Бундай одамларнинг имом бўлишлари яхши эмас. Аммо улар имом бўлиб қолса, ортларидан намоз ўқиш жоиз. Уларга иқтидо қилган кишиларнинг намозлари мақбул. Имомликка ўтганларнинг гуноҳлари эса ўзларига. Аллоҳ таоло мусулмонларга доимо муносиб имомлар топилишини насиб этсин. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!