Ассалому алайкум! Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Бахтиёр оила китобларининг эрнинг аёл олдидаги бурчлари мавзусида аёлга бериладиган нафақа ҳақида тушунмаган жойим бор. Шуни сиз аҳли илмлардан аниқлаштириб олмоқчи эдим. Уч талоқ қилинганнинг муртад бўлиши нафақани соқит қилади, эрнинг ўғлига имкон бериши эмас. Манашу жойига тушунмадим.
– Ва алайкум ассалом! Аёл киши эрининг никоҳидалигида ёки иддадалигида уйда ушлаб турилгани учун нафақага ҳақли бўлади. Аммо аёл тарафидан бирор маъсият туфайли ўртадаги никоҳ узилса (эрнинг бошқа аёлидан туғилган ўғилни шаҳват билан ушлаш ёки ушлашга имкон бериш туфайли ҳурмати мусоҳара собит бўлса, ёки диндан чиқса) идда вақтида унга нафақа бериш соқит бўлади. Аммо аёл тарафдан бирор маъсият бўлмаган ҳолда ўртадаги никоҳ узилса (Никоҳ боин талоқ билан узилади. Уч талоқ ҳам шунинг сирасига киради) унга нафақа бериш соқит бўлмайди, балки иддадаги аёл эри билан яшаган уйида идда ўтириши вожиб бўлгани учун унга нафақа бериш ҳукми янада таъкидли бўлади. Энди бу ҳолатда эрнинг ўғлига имкон бериш каби маъсиятга қўл уриши нафақани бекор қилмайди. Чунки нафақа аёлнинг айбисиз узилган никоҳ туфайли вожиб бўлиб бўлди. Мавжуд бўлмаган никоҳнинг узилиши тасаввур қилинмайди. Модомики эрнинг уйида иддада ўтирар экан унга нафақа бериш вожиб. Аммо иддада ўтириб, нафақага ҳақли бўлиб турган аёл муртад бўлса унга нафақа бериш соқит бўлади. Чунки муртад аёл эрнинг уйидан чиқарилиб қамоққа солинади. Нафақанинг иллати эса эрнинг уйида ушлаб турилиши эди. Валлоҳу аълам!