Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозни жамоат билан ўқиш

11:52 / 13.05.2022 | Улугбек | 3049

Ассалому алайкум! Шу кунларда бир нарса эшитиб қолдим, айтишларича жамоат билан ўқилмаган намоз, намоз эмас, Яъни азонни эшитгандан сўнг масжидга бориб намоз ўқиш мажбурий деб айтдилар, фақат соғлиғи кўтармаган одамгина уйда ўқиши мумкин экан, мен ҳар куни бомдод намозига масжидга чиқаман ҳолос, қолган вақтда ишда бўлганлигим сабабли, ўша ерда ўқийман, азон бизни ишхонага эшитилади, лекин боришга имконият бўлмайди шунга илтимос тушунтириш берсангиз, эшитган нарсам қанчалик тўғри? Қилаётган ишимиз нотўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Намозларни масжиддан бошқа ерда ўқиса ҳам адо бўлади, лекин унинг ажр-у савоби оздир.

ЖАМОАТ НАМОЗИ 

Аллоҳ таоло фарз намозларини жамоат билан ўқишни буюрган. Масжидларни барпо қилишдан мурод ҳам намозни жамоат билан адо этишга чорлашдир. Масжидга боришдан ҳам жамоат намозидан бошқа нарса кўзланмайди. Жамоат намозларининг фазли ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, фаришталарнинг олий жамоаси гапларидан маълум бўлганки, қадам босиб жамоат намозига бориш, масжидларда жамоат намозидан сўнг келгуси намозни кутиб ўтириш ва жамоат намози учун таҳоратни комил қилиш гуноҳларни ювувчи нарсалардан экан. 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», деганлар»
Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. 
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Бир кишининг бошқа бир киши билан ўқиган намози ёлғиз ўзи ўқиган намозидан афзалдир. Унинг икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиганидан афзалдир. Қанчалик кўпайса, Аллоҳ азза ва жалла учун шунча маҳбубдир». Масжидларда уч кишидан ортиқ намозхонларнинг тўпланиб, имом раҳбарлигида адо этиладиган фарз намозлари жамоат намозидир. Соғлом, балоғатга етган, оқил эркакларга беш вақт фарз намозларини жамоат билан ўқиш суннат билан собит бўлган вожибдир. Жамоатга бормай, намозни доимо уйида ёлғиз ўқийдиган одамнинг гувоҳлиги шаръан қабул қилинмайди. Фарз намозлар имомга эргашиб, жамоат бўлиб ўқилади. Икки киши бўлса, иқтидо қилувчилар имомнинг ёнида, агар уч ё ундан кўп киши бўлса, имом олдинда, қолганлар унинг ортида саф тортишади. Иқтидо қилувчилар уч кишидан кўп бўлган ҳолда уларнинг имомнинг ёнида туришлари таҳримий макруҳдир. Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда, бирликда эканини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради. Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омил. Намозда бандалар ким бўлишидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда туриб, бир хил амални бажарадилар ва Аллоҳ таологагина банда эканларини изҳор этадилар. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғиз намоздан (яъни ёлғиз ўқувчининг намозидан) йигирма етти даража ортиқдир», деганлар.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. 
Шундай бўлгач, Ислом барча мусулмонларни имкони борича намозни жамоат билан ўқишга чақирган, жамоат намозига боришдан эринган, ўзини тортганларга таъна қилган, намозни жамоат билан ўқишга ҳеч нарса моне, сабаб бўлолмаслигини таъкидлаган. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тўғридаги таълимлари ва кўрсатмаларидан айримларини келтириб ўтамиз. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қишлоқдами, саҳродами уч киши бўлсаю улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут», дедилар».
Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган. 
Имом Муслим келтирган ривоятда машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўпара бўлишдан хурсанд бўлса, намозларни азони айтилган жойда адо қилсин. Аллоҳ Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳидоят суннатларини шариатга киритгандир. Албатта жамоат намози ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз манави кейин қолганга ўхшаб уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз. Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиққина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб, сафга турғазиб қўяр эди». Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ота-онасидан бири унга шафқат қилиб, жамоатдан ман қилса, гапига кирмасин», деганлар, Ушбу далиллардан келиб, ҳанафий, моликий, шофеъий мазҳаблари жамоат намозлари – суннати муаккада (таъкидланган суннат), дейишган ва мусулмонларни жамоат намозларини тарк этмасликка чақиришган. Бандаларнинг намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар. Жамоат билан ўқиладиган намозга: «Жамоат намозидаги имомга иқтидо қилдим» мазмунида ният қилиш керак. Имом такбири таҳрима айтгач, жамоат ҳам такбири таҳрима айтиб қўлларини боғлайди ва ичида «Сано»ни ўқиб, жим туради. Жамоат қиёмда турганида ракатларнинг ҳеч қайсисида бундан бошқа ҳеч нарса ўқимайди, фақат намозда имом овоз чиқариб Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгач, ичида «омин» дейди. Жамоат намозидаги намозхон рукуъда уч карра «Субҳана роббиял ъазийм» дейди. Имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дея қоматини тўғрилаганида жамоат қаддини ростлагач ичида «Роббана! Лакал-ҳамд» дейди. Саждаларда эса, одатдагидек, уч карра «Субҳана роббиял‑ъалаа» дейилади. Қаъдаи улода аввал ташаҳҳудни, қаъдаи охирда ташаҳҳуд, салавот ва дуолар ўқилади ҳамда имом билан салом берилади. Имом ортида намоз ўқиган намозхон (муқтадий) барча рукнларни адо этишда имомга эргашади, ундан олдин бажармайди. Бир ракатнинг рукуъида, яъни имом ҳануз рукуъда турган пайтда ният қилиб, имомга етиб олган намозхон ўша ракатга етишган ҳисобланади. Агар намозхон тўрт ракатли бўлмаган фарз намозларидан бирини ўқишни бошлаб, унинг биринчи ракати саждасига борган ёки ҳали бормаганида жамоат шу намозни адо этиши учун имом такбири таҳрима айтса, намозхон ўқилаётган намозни бузади ва имомга иқтидо қилади (эргашади). Агар тўрт ракатли намоз бўлса, икки ракатини тугатиб, кейин имомга иқтидо қилади. Агар тўрт ракатли фарз намознинг уч ракатини адо этган бўлса, тўртинчи ракатни ҳам охирига етказади ва салом бериб, нафл ўқиш жоиз бўлган вақтда бўлса, нафл деб ният қилган ҳолда жамоат намозига қўшилади. Бу ҳол аср ва бомдод намозида бўлса, жамоатга қўшилмайди, чунки аср ва бомдод намозидан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир. Шунингдек, шомда ҳам, чунки нафл намоз уч ракатли бўлмайди. Бомдод намозининг фарзи бошланганида ёки ўқилаётганида келган намозхон унинг суннатини ўқиса жамоатдан қоладиган бўлса, бомдоднинг суннатини тарк этиб, фарзига иқтидо қилади. Бу тарк қилган суннатининг қазосини ўқимайди. Лекин у бомдоднинг фарзини ҳам, суннатини ҳам қазо қилган бўлса, у ҳолда ҳар икковини ҳам кейин ўқийди. Агар мазкур ҳолатда бомдод намозининг суннатини ўқиса-ю, фарзнинг иккинчи ракатини жамоат билан ўқишга улгурадиган бўлса, у ҳолда бомдоднинг суннатини ўқийди. Пешин намозининг суннатини ўқиётган одам пешиннинг фарзига айтилган такбирни эшитса ҳам суннат намозини тарк этмайди, балки суннатни тугатиб, ундан кейин фарзга иқтидо қилади. Агар ҳали суннатни бошламаган пайтида фарзга такбир айтилса, суннатни тарк қилади. Сўнгра тарк қилинган тўрт ракатли суннатни пешиннинг охирги икки ракатли суннатидан олдин ўқийди. Имомга эргашувчилар (иқтидо қилувчилар) қай ҳолатда эргашганларига қараб уч тоифагага – мудрик, лоҳиқ ва масбуққа бўлинишади. Намозни бошидан то охиригача имомга тўла эргашиб ўқиганлар «мудрик» дейилади. Имомга намоз бошида эргашганидан кейин бир ё ундан кўпроқ ёки бир ракатнинг баъзи қисмида имомдан ортда қолган киши «лоҳиқ» бўлади. Лоҳиқ намозда ухлаб қолиб ёки сафларнинг ўта зичлигидан рукуъ ё сажда қилишда имомдан ортда қолиб кетган кишидир. Масалан, лоҳиқ саждадан сўнг кўзи уйқуга кетиб қолиб бир ракат ортда қолган бўлса, қиёмда қироат қилмай бир лаҳза тургач, рукуъга боради. Сўнг сажда қилади ва имомга етиб олади. Агар имом саждага борганида лоҳиқ рукуъ қилмаган бўлса, олдин рукуъ қилиб, сўнг саждага боради. Жамоат намозига бир ёки ундан ортиқ ракат кечикиб қўшилган киши «масбуқ» дейилади. Имом салом бериб намозни тугатгунича масбуқ унга эргашиши мумкин. Имом салом берганидан сўнг намознинг қолдирган ракатларини ўқишга туради. Бунда у олдин «сано» ўқийди, ортидан таъаввуз («Аъузу биллаҳи») ва тасмия («Бисмиллаҳ») айтади. Масалан, уч ёки тўрт ракатли фарз намозларининг охирги бир ракатида имомга иқтидо қилаётган киши қолдирган (ўқишга улгурмаган) ракатларини қуйидагича ўқийди: имом салом берганидан сўнг масбуқ ўрнидан туриб «сано» ўқийди, таъаввуз ва тасмия айтади. Олдин Фотиҳа сурасини, унга зам қилиб яна бир сурани қироат қилади. Сўнг рукуъ ва сажда қилади. Кейин қаъдага ўтиради ва ташаҳҳуд ўқийди. Кейин қиёмга туриб, тасмия айтганидан сўнг сураи Фотиҳани ва яна бир сурани ўқийди, рукуъ ва сажда қилади. Агар намоз уч ракатли бўлса, қаъда қилиб, ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб намозни тугатади. Агар намоз тўрт ракатли бўлса, ўтирмай қиёмга туради, фақат тасмия билан Фотиҳа сурасини ўқийди, кейин рукуъ ва сажда қилиб, сўнг ўтиради. Ташаҳҳуд, салавот ва дуо билан намозини тугатади. Имом рукуъда турганида кеч қолиб келган масбуқнинг йўл-йўлакай ният қилганича шошилиб рукуъга кетаётган ҳолида такбирни айтиш билан у имомга эргашган бўлмайди. Балки аввал тик ҳолида такбири увлони айтиб, намозга қўшилади. Сўнг такбир айтиб рукуъга боради. Масбуқ уч ҳолатда: намоз вақти чиқиб кетаётган бўлса; маҳсига тортилган масҳ муддати тугаётган бўлса; олдидан кишиларнинг кесиб ўтишлари хавфи бўлса, имомнинг салом беришини кутиб ўтирмай, ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтириб, сўнг қолдирган ракатларини ўқишга туриб кетиши мумкин. Жамоат билан пешин, шом ва хуфтоннинг фарзлари ўқиб бўлингач, суннат намозини ўқишга тезда туриш суннатдир. Имом суннат намозларини фарз намозни адо қилган жойидан ўнгга ёки чапга ё ортга ўтиб ўқийди. Имом бомдод ва аср намозларини ўқиб бўлгач, агар кечикиб келиб намоз ўқиётганлар бўлмаса, қавмга қараб ўтирган ҳолда дуо қилади. Намоз ўқиётганлар орқа сафларда бўлса ҳам имомнинг тўғрисида турган бўлишса, имом уларга юзланиб дуо қилмайди. Кеч қолганлар намозларини қолганини адо қилаётганларида имом баланд овозда тасбеҳ ва такбирларни айтиши жоиз эмас.(“Мўминнинг меърожи” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat