Ассалому алайкум! Мен бир гап эшитдим: Пешинда иссиқ вақтда дўзах эшиклари очиларкан. Шунинг учун пешин номозини кечроқ ўқиш керак. Шу гап тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ، وَاشْتَكَتِ النَّارُ إِلَى رَبِّهَا فَقَالَتْ يَا رَبِّ، أَكَلَ بَعْضِي بَعْضًا، فَأَذِنَ لَهَا بِنَفَسَيْنِ نَفَسٍ فِي الشِّتَاءِ، وَنَفَسٍ فِي الصَّيْفِ، فَهْوَ أَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الْحَرِّ وَأَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الزَّمْهَرِيرِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозини ҳаво бир оз совуганда ўқишни тавсия қилмоқдалар. Қуёш тик туриб, ҳаво роса қизиган пайтда масжидга бориб, умуман, қаерда бўлса ҳам, намоз ўқишда, маълум қийинчиликлар бўлади. Ана ўшаларни енгиллаштириш учун ҳавонинг шашти бир оз қайтганда намоз ўқиш ҳам осон, ҳам енгил бўлади. Бу ҳам Ислом динининг кишиларга осонлик туғдиришига далилдир. Кейин эса нима учун намозни совутиб ўқиш тавсия қилингани баён қилинмоқда. «Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир». Уламоларимиз ҳадисдаги бу ва бундан кейинги жумлалар «ҳақиқатми ёки мажозми?» деган масалада турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, бу ҳақиқатдир, ҳавонинг шиддатли исиб кетишига жаҳаннамдан қайнаб чиққан иссиқлик сабаб бўлади, деганлар. Лекин кўпчилик уламолар, бу ҳақиқат эмас, мажоздир. Араб тилида мажоз кўп ишлатилади. Бир нарсани ифодали қилиб тушунтириш учун бошқа нарсага тааллуқли кўчма маъно ишлатилади, дейдилар. Дарҳақиқат, араб тилидан бошқа тилларда ҳам бу маъно бор. Баъзи вақтда, бирор пайт ёки жойда иссиқ ҳаддан ташқари бўлиб кетганини ифода этиш учун, «ўзиям дўзах бўлиб кетди-да!» дейилади. Бу ўша вақт ва жойни дўзахга айланиб қолганини эмас, қаттиқ исиб кетганини билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам худди ана шу маъно ишлатилмоқда. Ҳаво шиддатли исиганда, жаҳаннамнинг иссиғидан тарқалдек бўлиб кетади. Бу иссиқда намоз ўқишга ҳаракат қилган одам қийналиб кетади, дейилмоқда. «Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй, Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди». Яъни, дўзахдаги иссиқнинг кучлигидан дўзахнинг ўзи ҳам шикоят қиладиган даражага етди. Бу ҳам мажоз орқали дўзах нақадар иссиқ эканини баён қилишдир. «Бас унга икки нафасга изн берди». Яъни, Аллоҳ таоло дўзахга икки марта нафас олиб чиқаришига рухсат берди. «Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар». Яъни, ёзда ҳам, қишда ҳам ҳавонинг ўзгариб қийинчилик туғдириб туриши бор, деганидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шиддатли иссиқ пайтида Пешин намозини бир оз кечиктириб ўқиш яхшилиги. Чунки ҳадисда гап Пешин намози ҳақида кетмоқда.
2. Жаҳаннамнинг ҳозирда мавжудлиги.
3. Бир нарсани тушунтириш учун мажозни ишлатиш мумкинлиги.
4. Намозга белгиланган муддат чегарасида об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш жоизлиги.
5. Ислом динининг енгиллик дини эканлиги. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!