Ассалому алайкум! Менинг бир жияним бор аутизмга чалинган. Доим қаровга муҳтож. Акам чет элда бўлганлиги учун жиянимга кичик акам қарайдилар. Жиянимга аяси қарашни хохламайдилар. Биз аяси ҳам қарасин она меҳри керак десак. Она қарамаса ҳам бўларкан динимизда фақат ота қараши керак она эмизмаса ҳам ҳаққи бор экан деди. Шу гап ростми?
– Ва алайкум ассалом! Она фарзандни эмизишга қазоан мажбур эмас. Бу тўғри. Лекин бу уни парваришлашга мажбур эмаслигини англатмайди. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما أنَّهُ سَمِعَ رَسولَ اللَّهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ يقولُ: كُلُّكُمْ رَاعٍ ومَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ؛ فَالإِمَامُ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، والرَّجُلُ في أهْلِهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، والمَرْأَةُ في بَيْتِ زَوْجِهَا رَاعِيَةٌ وهي مَسْؤُولَةٌ عن رَعِيَّتِهَا، والخَادِمُ في مَالِ سَيِّدِهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ. قالَ: فَسَمِعْتُ هَؤُلَاءِ مِن رَسولِ اللَّهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ، وأَحْسِبُ النَّبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَ: والرَّجُلُ في مَالِ أبِيهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ وكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг молу мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Демак, ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир». Ҳа, мен буларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. Менимча, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши отасининг молида мутасаддидир ва у ўз раиятига масъулдир. Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагиларига масъулдир», ҳам деганлар».
Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Яъни аёл эрнинг уйидаги юмушлар учун масъулдир. Бундан унинг фарзандларининг кийимларини алмаштириш, тўшакларини янгилаб туриш каби эҳтиёжларини бажариш тушунилади. Уйдан ташқарида бўладиган ишлар ва оиланинг нафақаси эрнинг зиммасида бўлгани каби, уйнинг ичидаги юмушлар хотиннинг вазифасидир. Бунга уйни покиза тутиш, таом тайёрлаш, болаларни парваришлаш кабилар киради. Али ва Фотима розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ходим борасида шикоят қилишганида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга зоҳирий юмушлар, яъни уйдан ташқаридаги ишларни, Фотима розияллоҳу анҳога эса уй ичидаги юмушларни, яъни хамр қориш, овқат тайёрлаш, тўшак ҳозирлаш, уйни супуриш кабиларни юклаганлар. Албатта аёл тоқатидан ортиғига буюрилмайди. Агар уйдаги ишлар уни ҳаддан ташқари толиқтираётган бўлса ёки касал бўлиб уларни адо эта олмай қолса эр буларни бажариш учун ҳизматкор ёллаши лозим. Валлоҳу аълам!