Ассалому алайкум! Кўпинча мехмондорчиликка борганимизда ёки уйимизга мехмон келганида ўзлари билан грилл олиб келишади. Акам хар бир товуқ учун алохида Бисмиллаҳ деб айтилмаса у хором дегандилар, ўшандан бери грилл емай қўйганман. Хамма нега емаябсан деб сўраганда акам айтган гапни айтаман шунда улар: биз халол мехнат қилиб пешона теримизга олябмиз буни, у айтмаган бўлса гунохи ўзига, сан бисмиллах деб есанг халол бўлаверади дейишади. Хоп деб барибир емайман. Уларнинг гапи хақиқатга қанчалик тўғри? Ростан хам нимани бисмиллах деб есам халол бўладими? Синглим бисмиллах сўзи шайтон сан билан бирга овқатланмаслиги учун айтилади деганди.
– Ва алайкум ассалом! Овқат тановул қилишдан олдин “бисмиллаҳ”ни айтиш билан жонлиқ сўйиш олдидан айтиладиган “бисмиллаҳ” ўртасида жуда катта фарқ бор. Аввалгиси суннат, кейингиси эса фарздир. Аввалгиси тарк қилинса таом ҳаром бўлиб қолмайди. Аммо кейингиси қасддан тарк қилинса ўша сўйилаётган ҳайвоннинг гўшти ҳаромга айланади. Шу туфайли гўшт маҳсулотларини сотиб олаётганда ёки тановул қилаётганда унга сўйилиш пайтида “бисмиллаҳ” айтилган-айтилмаганига эътибор қаратиш керак. Албатта бу ўзга мусулмонлар борасида доимо ёмон гумонда бўлиш кераклигини англатмайди. Ўрта меъёрни ушлаган ҳолда луқмага эътибор қаратиш лозим.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ قَوْمًا قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِنَّ قَوْمًا يَأْتُونَا بِاللَّحْمِ لَا نَدْرِي أَذُكِرَ اسْمُ اللهِ عَلَيْهِ أَمْ لَا، فَقَالَ: «سَمُّوا عَلَيْهِ أَنْتُمْ وَكُلُوهُ». قَالَتْ: وَكَانُوا حَدِيثِي عَهْدٍ بِالْكُفْرِ. تَابَعَهُ عَلِيٌّ عَنِ الدَّرَاوَرْدِيِّ. وَتَابَعَهُ أَبُو خَالِدٍ وَالطُّفَاوِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қавм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бир қавм бизга гўшт олиб келади. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинганми, йўқми, билмаймиз», деди. У зот: «Унга ўзларингиз тасмия айтинглар ва уни еяверинглар», дедилар. Улар куфрдан янги чиққанлар эди».
Изоҳ: Бу ҳадисдан «Тасмиясиз сўйилган жонлиқни ейиш пайтида тасмия айтса, сўйиш пайтидагининг ўрнига ўтар экан», деган маъно чиқмаслиги керак. Балки бу ерда «Ўзга мусулмон жонлиқни сўяётган пайтда биз унинг сўйишига гувоҳ бўлмаганмиз. Мабодо у унутган ҳолда тасмия айтмаган бўлса, биз унинг тасмияни зикр қилгани ёки унутганини аниқ билмай туриб есак бўладими?» деган савол берилмоқда. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз ўзингизга буюрилган суннатни бажариб, еяверинг, бошқа мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлманг», демоқдалар. (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!