Ассалому алайкум! Мен НАФС ТАРБИЙАСИ (Пайғамбарлар, сахобалар ва солихлар хаётидан тарбиявий қиссалар) китобини ўқиётиб “хаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал йўқ” деб ёзилган экан. Бу Бақара сураси 197-оятда келган экан, у ердаги таржимада “ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқ” дейилган экан. Соволим шуки, хажга борган вақти ўз аёли билан яқинлик қилса бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Эҳром ҳолатида жинсий яқинлик жоиз эмас. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَّعْلُومَاتٌ فَمَن فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلاَ رَفَثَ وَلاَ فُسُوقَ وَلاَ جِدَالَ فِي الْحَجِّ
«Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир» (197-оят).
«Ўзига ҳажни фарз қилиш» ҳажни ният қилиб эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш ва шунга ўхшаш нарсалар мумкин бўлмайди. Яна ҳажда фисқ – катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш, одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, жанжал чиқариш каби ишлар ҳам мумкин эмас. Валлоҳу аълам!