Ассалому алайкум! Телеграмда бир канал куриб қолдим, очиқчасига фолбин номер 1 деб қўйипти. Сал кам 70 мингта аъзоси бор экан. Кимлардир рахматлар ёзишган ёрдам бердиз деб. 1. Шунга жим қараб туриш бизга хам гунох бўладими? 2. Биз томонларда шундай аёллар бор, баъзилари очиқчасига айтади устозим жугут (яхудий) деб. Кўп одамлар уларни гапига кириб айтганини қилади. Мисол учун қора хўрозни сўйиб қонини устинга оқиз ва хоказо бўлмағур гаплар. Уларни айтганини қилган, лекин халол демаган одамни иймони нима бўлади, никохичи? Яқин инсонларим қилишгани учун бу саволни беряпман. Шундай фолбинларни ўзига насихат қилса барибир қулоқ солишмайди. Кимдир масъул шахслар борми уларни тақиқлайдиган, туман имомларими ёки қандайдир идора борми? Кўп оилаларда шуни деб жанжаллар бўлади. Ўзимни оилам ва қариндошларимда хам кўп бўлган.
– Ва алайкум ассалом! Мусулмон сифатида агар сизнинг гапингиз фойда беришига кўзингиз етса, албатта уларга муносабат билдириб қўйишингиз керак.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шаратимизда уларни олдига бориш ёки уларни гапини тасдиқлаш куфр ҳисобланади.
عَنْ بَعْضِ أُمُّهَاتِ الْمُؤمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُنَّ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким аррофга келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Аҳмаднинг лафзида:
«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди» дейилган.
Шарҳ: Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими йўқми, фарқи йўқ.
Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ حَائِضًا أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ فِي دُبُرِهَا فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа ёки хотинига ҳайз чоғида яқинлик қилса ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган нарсадан тонибди», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!