Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бақа ҳалолми?

17:22 / 21.05.2023 | Shahlo.m.b. | 760

Ассалому алайкум! Қурбақанинг харомлигини билардим. Бақа билан қурбақанинг фарқи бор дейишди. Бақа ҳалол дейишди. Уни дори қилиб ичиш ҳалол дейишди. Бу қанчалик тўғри?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Иккисини ҳам истеъмол қилиш шаръан ҳалол эмас. Дори сифатида истеъмоли ҳам ҳалол эмас. Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат. Бунда ўз соҳасининг мутахассиси бўлган диёнатли шифокорнинг кўрсатмасига таянилади.
...Баъзи бир тушунмаган кишилар, дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Ушбу ҳадиси шариф уларнинг зиддигадир. Тажриба, хамрнинг барча тури; ичиладигани ҳам, чекиладиган ҳам, ҳидланадигани ҳам, игна билан қабул қилинадигани ҳам оздан бошланиб кўпга ўтар экан. Давога деб оздан бошлаб дардга учраш хавфи бўлганидан, Исломда бу нарса тамоман ҳаром қилинганидан уни дори учун озгина ишлатиш ҳам мумкин эмас...
Ториқ ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида у зот наҳий қилдилар. Сўнгра у яна сўради. Бас, у зот яна наҳий қилдилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, у даводир», деди у.
«Йўқ! У дарддир!» дедилар у зот». 

Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинган ҳодиса, савол-жавоб ва ҳукмдан минг беш юз йил муддат ўтгандан кейин инсоният ҳақиқатан хамр-маст қилувчи нарсалар дард эканини илмий равишда очиқ-ойдин тушуниб етди. Лекин чексиз афсуслар бўлсинким, илми бўлиб иймони бўлмаган инсоният илмий исбот қилинган дардга маҳкам ёпишиб олиб кундан-кунга уни кўпроқ тановул қилишга ўтмоқда.
Баъзи бир тушунмаган кишилар, дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Ушбу ҳадиси шариф уларнинг зиддигадир. Тажриба, хамрнинг барча тури; ичиладигани ҳам, чекиладиган ҳам, ҳидланадигани ҳам, игна билан қабул қилинадигани ҳам оздан бошланиб кўпга ўтар экан. Давога деб оздан бошлаб дардга учраш хавфи бўлганидан, Исломда бу нарса тамоман ҳаром қилинганидан уни дори учун озгина ишлатиш ҳам мумкин эмас.
Бир табиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бақани дорига қўшиш ҳақида сўради. Бас, у зот уни ўлдиришдан наҳий қилдилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу дегани, бақани дори учун ишлатиб бўлмайди, деганидир. Чунки уни ўлдирмай туриб дорига қўшиб бўлмайди. Ўлдиришга рухсат бўлмагандан кейин, дорига қўшишга ҳам рухсат бўлмаган бўлади. Чунки бақа ифлос ва нажас нарсадир. Шунинг учун ҳаром қилингандир. Шариат ҳаром қилган нарса зарарли бўлади. Шунинг учун у фойда берувчи дори бўла олмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ифлос доридан наҳий қилдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки, Исломнинг шиори покликдир, Иймоннинг асли покликдир. Шунинг учун Ислом ва Иймон ифлосликни ҳар қандай кўринишини, ҳеч қачон қабул қила олмайди. Ислом ва Иймон ҳар қандай ифлосликни йўқ қилиш учун барча имконларни ишга солиб курашади. Ифлос нарса ҳеч қачон фойдали, бинобарин, даволи ҳам бўла олмайди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширгандир. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар», дедилар».
Шарҳ: Демак, номи ҳаром нарса борки, даво бўлиши мумкин эмас экан. Шунинг учун мусулмон одам таоми ҳалол бўлишини талаб қилганидек, дориси ҳалол бўлишини ҳам талаб қилиши керак.
Шу ерда спирт, банж каби нарсалар ҳақида савол пайдо бўлади. Бу борада шуни айтиш керакки, бу ва бунга ўхшаш нарсалар аслида даво учун аталган нарсалар. Фақат табиати бузуқ кишиларгина уларни маст қилувчи модда сифатида ишлатишни ўйлаб чиқарганлар ва истеъмол қиладилар. Шунинг учун бу каби асли тиббий бўлган нарсаладан гарчи уларда маст қилиш қобилияти бўлса ҳам табиблар тиббий қоидалар асосида ишлатганда фойдаланса бўлаверади. Балки лозим бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Агар тирёқни ичсам, туморни оссам ва ўзимдан шеър айтсам, кейин нима қилганимга парво қилмайман», деганларини эшитдим». 
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: «Тирёқ» заҳарни қайтаради, деган эътиқодлар, қилинадиган хурофий ишлар; турли дам солиш, нарсалар ичиш каби жоҳилий чоралардир.
Мисол учун ўша вақтларда бутхона коҳинларидан шу мақсадда тумор қилдириб олишар экан. Бошқа бирлари эса, кўзойнакли илоннинг гўштини хамр-маст қилувчи ичимликка қориб еса заҳар таъсир қилмайди, деб шу ишни қилар эканлар.
«Тумор» маълум ва машҳур нарса.
Хусусан, ўша пайтларда одамлар коҳинларга турли туморларни қилдириб олиб, бу мени ундан сақлайди, бундан сақлайди, деган бузуқ эътиқод ила юрар эдилар.
«Ўзидан шеър айтиш» деганда бўлган-бўлмаган, маза-матраси йўқ шеърларни айтиш кўзда тутилади.
Ушбу санаб ўтилган ишларни қилган одам яхшиликдан умид қилмасалар ҳам бўлар экан. Модомики буларни қилдими, бошқа гуноҳларни қилишда бепарво бўлса ҳам бўлаверади. Чукни шуларнинг ўзи ҳар қандай гуноҳнинг ўрнини босади.

ХУЛОСА

 Бу мавзудаги барча далил ва ҳужжатларни яхшилаб ўрганиб чиққан уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари қуйидаги хулосага келганлар.
Умумий қилиб айтганда ҳаром ва нажас нарса билан даволаниш мумкин эмас.
Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат.
Эркаклар учун ҳаром қилинган ипак, тилло ва кумушларни даво учун ишлатса бўлади.
Эркаклар қичима дардига йўлиққанларида тиббий мақсадларда ипак кийим кийсалар жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Бунга имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдурроҳман ибн Авф ва Зубайр розияллоҳу анҳумоларга қичима бўлиб қолганларида ипак кийим кийишга рухсат берганлари ҳақидаги ҳадисни далил қилганлар.
Фуқаҳолар жумҳури эркак киши тилло ёки кумушдан тиш қилиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Агар бир нечта бўлса ҳам майли, деганлар. Шунингдек, тишга тилло ёки кумуш қоплаш ҳам мумкин деганлар.
Бу ҳукмга қуйидаги далилларни келтирилган;
1. «Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг Килоб уруши куни бурни кесилди. У ўзига кумушдан бурун қилиб олди. Аммо у сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар ва у ўзига тиллодан бурун қилиб олди». Имом Термизий ривоят қилган.
2. Мусо ибн Толҳа, Абу Жамра аз-Зобъий, Абу Рофеъ ибн Собит ал-Баноний, Исмоил ибн Зайд ибн Собит, Муғийра ибн Абдуллоҳ ва бошқалар тишларига тилло қоплаганлари ҳақидаги ривоят. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat