Ассалому алайкум! Аллоҳни иродаси билан такдиримга бевали ёзилибди Аллохни такдирига розиман мен ишлайман ўзимни ишимни яхши кўраман ойлигим ва ишимдан қониқаман фақат мени бир хатойим бор иш юзасидан бир хамкасбим билан озроқ тортишиб қолдик. Биз гаплашмай юрсак гап сўз камроқ бўлади мен унга хайит ва рўза кунлари қўлимни чўзиб сўрашдим. У хар сафар бетинг қурсин деб кетарди, шунинг учун кейин ўзимни хам уни хам асабини бузмаслик учун у аёлни унитишга ва узокроқ юришга қарор қилдим. Аммо бизни бошлиғимиз яраштираман деди мен унга вазиятни тушунтирдим аммо менга агар сиз шу аёлдан кечирим сўрамасангиз сизни қилган эхсонларингиз ўқиган намозларингиз қилган яхши амалларингиз ва ибодатларингиз қабул бўлмаябди деб айтябди. Менку майли ота-онамни хам дуолари қабул бўлмас экан. Бу қанчалик тўғри? Энди ўша рахбарим яқинда бир гап айтди, мени ўшанда яраштириб савоб олмоқчи бўлгани учун уни ўша савобдан махрум қилибман. Мен ундан кечирим сўрамабман, шундан бери мени ёмон кўраётганини ва яхши аёл деб хисобламаётганини айтди. Мен бу гапини тушунмадим. Мени у билан яраштириш савоб эканку аммо бир бева аёлни ишига халақит бериб соғлигига зиён етказиши дароматини хисоблаб хаммага фақат ёмон томонини гапириб юриши жирканиб бирор ёрдам сўраса ёрдам бериш ўрнига дилини оғритиши қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Ўша инсон сизга қандай ёмонлик қилган бўлса ҳам барчасини кечиринг. Бўлиб ўтган ишларни унутинг. Хушмуомалалик ва келишувчанликни ўзингизга одат қилинг.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِرَجُلٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثِ لَيَالٍ، يَلْتَقِيَانِ فَيُعْرِضُ هَذَا وَيُعْرِضُ هَذَا، وَخَيْرُهُمَا الَّذِي يَبْدَأُ بِالسَّلَامِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Мусулмон) кишига ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи саломни бошлаганидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик қилиб, уришиб, жанжаллашиб, гуноҳкор бўлиб юрганларнинг бир-бирларига нисбатан адоват сақлаб, аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жаҳлдан тушиб, ўзларига келишлари учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади. Валлоҳу аълам!