Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Каъбага сиғиниш

12:14 / 10.06.2023 | Sarvar Jakhongirov | 839

Ассалому алайкум! Ислом динида брор бир шахс ёки брор бир буюмга умуман ман этилади, Каъбатуллоҳни Каъба тош деб айтилади ер юзидан миллионлаб одамлар Каъбатуллоҳни атрофида айланиб юзларига суруб ушлашади бу Каъба тошга сиғиниш бўлиб қолмайдими? Каъбатуллоҳни Аллоҳни уйи деб айтилади бу қанчалик тўғри? Аллоҳ бир банда эмаски уни уйи бўлгани ер юзида? Саволим шуларни канчалик тўғри қанчалик нотўғри?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Каъба муқаддас ва улуғ уйдир. Унинг қадри ундаги бирор куч-қудратда эмас. Чунки каъба унинг атрофида айлангувчиларга ёки унга қараб намоз ўқигувчиларга ёки бошқа бирор мавжудотга фойда ҳам зарар етказа олмайди. Мусулмонлар уни эъзозлаши, уни тавоф қилиши, намозда ва дуода унга юзланишининг боиси бу Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Аллоҳ таоло ушбу бинони ўз ҳикмати ила бир қанча хусусиятлар билан хослади ва бизларга уни улуғлашни буюрди. У ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиниши учун бино қилинган биринчи уй, унда ўқилган намоз бошқа ердан ўқилган намозлардан афзал, у омонлик ери, ундаги тош - ҳажарул асвад жаннатнинг бир белгисидир. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади:

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِّلْعَالَمِينَ۝

96. Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир.

فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَّقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَن دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا وَلِلّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلاً وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ الله غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ۝

97. Унда очиқ-ойдин аломатлар – мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, омонда бўладир. Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.
Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти.
Бакка Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун у Бакка деб ҳам аталади.
«Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир».
«Баккадаги уй» – Байтуллоҳ. Одамларга ибодат учун, бутун оламларнинг ҳидояти учун қурилган биринчи уй Байтуллоҳдир. Ундан аввал бундай уй қурилмаган. Бу уй муборак бўлиб, уни ким ҳаж ёки умра қилса, кўплаб яхшилик ва манфаатлар топади.
«Унда очиқ-ойдин аломатлар», яъни Байтуллоҳнинг ўзида бошқалардан устунлигига очиқ-ойдин аломатлар бор. Унда
«…мақоми Иброҳим бор».
Уламоларимизнинг фикрларича, «мақоми Иброҳим» деб Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қураётганларида устида турган тошга айтилади. У тошга у зот алайҳиссаломнинг оёқ излари тушиб қолган. У тош авваллари Каъбаи Муаззамага тегиб турар экан. Кейинроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг ёнида намоз ўқиётганларга, тавоф қилаётганларга ҳалақит бермасин деб, четроққа олдирганлар. Ҳозирги кунда эса шиша ғилоф ичига олиниб, ердан маълум миқдор кўтариб қўйилган.
«Ким унга кирса, омонда бўладир».
Бу фазилат дунёдаги ҳеч бир жойда йўқ. Иброҳим алайҳиссалом бу байтни Аллоҳнинг амри ва ўғиллари Исмоилнинг ёрдами билан қурганларидан буён ҳар бир хавф-хатардаги одам учун тинчлик-омонлик маскани бўлиб келмоқда. Ҳатто араблар жоҳилият даврида ҳам бу қоидага амал қилишган. Баъзи бир жиноятчилар Масжидул Ҳаромга кириб олишса, унга тегмаганлар. Арабларда ўч олиш туйғуси жуда юқори бўлишига қарамасдан, отасини ўлдириб, Масжидул Ҳаромга кириб олган одамни учратган ўғил ҳам унинг олдидан индамай ўтиб кетаверган.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари:
«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни бир оз муддат ҳалол қилинди, холос. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикани юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди...» – деганлар.
Демак, Ҳарами Шарифда нафақат одамга, балки ҳайвонот ва наботот оламига – ҳеч бир нарсага озор берилмайди.
Олимларимиз ушбу ояти каримадан, жиноят қилган одам қочиб, Ҳарами Шарифга кириб олса, унга озор берилмайди, аммо унга жой, таом берилмасдан, муомала қилинмасдан, Ҳарами Шарифдан қайтиб чиқишга мажбур этилади ва чиққанидан сўнг ушлаб, жазоси берилади, деган ҳукмни чиқарганлар.
Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасида марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَيَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ الَّذِي جَعَلْنَاهُ لِلنَّاسِ سَوَاء الْعَاكِفُ فِيهِ وَالْبَادِ وَمَن يُرِدْ فِيهِ بِإِلْحَادٍ بِظُلْمٍ نُذِقْهُ مِنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ۝

25. Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз.
Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда Қурайш мушриклари худди шу ишни қилар эдилар. Улар Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай, кофир ҳолда юрар эдилар. Бу ҳам етмаганидек, ўзгаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсар, Ислом динига киришларига тўсқинлик қилардилар. Мусулмонларга Масжидул Ҳаромга киришга, у ерда ибодат қилишга йўл бермасдилар. Ҳолбуки, Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи у ерни ҳамма одамлар учун — ерли аҳоли учун ҳам, мусофирлар учун ҳам бирдек ибодат жойи қилиб қўйган эди. Шу боисдан Масжидул Ҳаромда ҳамма баробар ибодат қилиш ҳуқуқига эга эди. Аммо Қурайш кофирлари ўзларича Масжидул Ҳаромга эга чиқиб олиб, унга мусулмонларни киритмасдан, йўлларини тўсмоқдалар. Шунинг учун улар Аллоҳнинг аламли азоби билан азобланишга лойиқдирлар.
Масжидул Ҳаром Аллоҳнинг уйи, у ерда ҳеч қандай ёмон ишга рухсат йўқ.
«...у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз».
Яъни, Масжидул Ҳаромда ким ноҳақлик билан тўғри йўлдан чиқиб, янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, аламли азобга дучор бўлади.
Ушбу оятда «янглиш йўлга бурилиш» деб таржима қилинган маъно оятда «илҳод» лафзи билан ифодаланган. «Илҳод» сўзидан худосизлик, диндан чиқиш, йўлдан озиш маънолари тушунилади. Ислом дини ман этган амалларни қилиш ҳамма жойда ҳам гуноҳдир. Аммо Масжидул Ҳаром ҳудудида Ислом ман этган ишларни қилиш жуда катта гуноҳ–илҳод ҳисобланади. Бу маъно ҳазрати Умари Одилнинг розияллоҳу анҳу қуйидаги гапларида ҳам аксини топган. У киши: «Маккада таомни эҳтикор қилманглар (эҳтикор–баҳосини орттириш учун тўплаб олиш). Маккада таомни эҳтикор қилиш илҳоддир», деган эканлар.
Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқишга ҳақлари йўқлигини баён этиш учун Байтуллоҳнинг тарихини ёритувчи оятлар келтирилмоқда:

وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَن لَّا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ۝

26. Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.

وَأَذِّن فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِن كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ۝

27. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.

لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ۝

28. Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ۝

29. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла.
Демак, Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқиб, мусулмонларни у ерга киришдан ман қилишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ.
Аввало, Байтуллоҳни улар қурмаган.
«Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб...»
Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган. Қурайш кофирларига эмас. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди:
«Менга ҳеч нарсани шерик қилма...»
Яъни, менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ. Аммо Қурайш қабиласи кофирлари Байтнинг атрофида, унга қўшни бўлиб яшаб туриб, сон-саноқсиз бутларни Байтлуллоҳнинг эгасига «шерик худолар» билиб, уларга ибодат қилмоқдалар. Ҳатто, Байтуллоҳнинг ичига ҳам уч юз олтмиш бутни киритиб қўйиб, яна қандай қилиб, Масжидул Ҳаромга эга чиқадилар?! Мусулмонларнинг унга кириш йўлларини тўсадилар?!
«...Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин».
Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссалом, айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар.
«Одамларни ҳажга чақир...»
Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир.
Демак, ҳаж фақат Қурайш кофирлари учун эмас. Ҳамма одамлар учундир.
«...улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар».
Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.
Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, Қурайш кофирларининг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ.
«Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар».
Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. Энди қандай қилиб, Қурайш кофирлари мусулмонларни Масжидул Ҳаромдан, мазкур манфаатлардан тўсадилар?!
«Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар».
Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади.
«Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар».
Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.
Масжидул Ҳаромнинг эгаси Аллоҳ таолонинг бу амрига қарши мусулмонларни ўша манфаатлардан, қурбонлик қилишдан, Аллоҳнинг номини зикр этишдан тўсишга Қурайш кофирларининг нима ҳаққи бор?
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...»
Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда
«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.
«...ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар».
«Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.
Ушбу ибодатлардан мусулмонларни тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким уларни тўсса, катта гуноҳ қилган, зулм ила илҳодга юрган бўлади.
Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat