Ассалому алайкум! Ҳозир Телеграм ижтимоий тармоғида кўплаб гуруҳлар мавжуд уларни аксарияти ҳар хил бренд номларидан фойдаланиб очилган. Гуруҳда эса одамлар учун ҳар хил мукофотлар (телефон ёки пайнет қилиш) ваъда берилган. Албатта буни ўзига яраша шартлари бор. Фойдаланувчи ўзини контактидан гуруҳга одам қўшсагина мукофотга эга бўлиши мумкин. Ҳақиқат шундаки аслида ҳеч қандай мукофот йўқ. Шунчаки гуруҳ аъзоларини кўпайтириб уни маълум бир нархга сотиб фойда кўриш ҳолос. Одамларни алдаш орқали топилган пул ҳалолми?
– Ва алайкум ассалом! Алдамчилик қилиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Олинаётган даромадлар ҳам ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай фириб ва ёлғон қилувчилар “Биздан эмас” дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَرَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ، فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا، فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا، فَقَالَ: «مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟ قَالَ: أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ؟ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бозорда) бир уюм егулик (дон ёки хурмо) ёнидан ўтиб қолиб, унга қўлларини тиққан эдилар, бармоқлари намликка тегди. Кейин: «Бу нимаси, эй егуликнинг эгаси?» деган эдилар, у: «Ёмғир тегибди, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот: «Одамлар кўрсин деб ўша жойини егуликнинг тепасига қўймабсан-да? Ким алдамчилик қилса, мендан эмас!» дедилар».
«Саҳиҳи Муслим» китобидан. Валлоҳу аълам!