Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бошқа моллардаги рибо

18:46 / 05.08.2023 | Мурод | 776

Ассалому алайкум! Зикр аҳлидан сўранг телеграм каналида 207-ва 212-саволларни жавобида гўшт ва мевалардаги рибо ҳақида айтилган, 7хил моллар рибовий моллар ҳисобланади деб ўқиган эдик, уларни ичида мева ва гўшт саналмаган эди, илмимиз етмагани учун сўрамоқдамиз


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Рибавий моллар фақатгина ҳадиси шарифда айтилган молларга чекланган эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган рибавий молларни ўрганиш орқали тўрт мазҳаб фақиҳлари унинг қоидасини истинбот қилганлар. Хусусан ҳанафий мазҳабига кўра рибо ҳосил бўлиши учун муомаладаги моллар кайл - идишда ўлчанадиган ёки вазн - тарозида тортиладиган бўлиши ва иккиси бир жинсдан бўлиши керак. Шу қоидага тушган ҳар қандай мол рибавий мол бўлаверади.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلًا بِمِثْلٍ سَوَاءً بِسَوَاءٍ يَدًا بِيَدٍ، فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ الْأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ. وَزَادَ فيِ رِوَايَةٍ: فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى، الْآخِذُ وَالْمُعْطِي فِيهِ سَوَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا، وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Тиллага тилла; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади.
Мазкур молларни алмаштиришда зиёдага ва кейин беришга йўл қўйиб бўлмайди.
Мисол учун, тиллага тилла сотиладиган бўлса, албатта, оғирлиги тенг бўлиши, олди-берди қўлма-қўл қилиниши керак. Навининг яхши ёки ёмонлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди.
Агар савдодаги нарсанинг жинси ҳар хил бўлса, қўлма-қўл бўлиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади. Аммо миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун, тилла билан кумушни алмаштириш ёки сотиш, қўлма-қўл бўлса жоиз. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Табиийки, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга. Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади.
Бу ҳукм сиртдан қараганда ғалати туюлади. «Бир хил жинсдаги нарсаларни алмаштиришда уларнинг миқдори бир хил бўлиши нима учун шарт қилинган? Ахир бир хил нарсанинг яхши ва ёмони бор-ку? Яхшиси қиммат, ёмони арзонроқ бўлиши ҳам аниқ-ку», деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Мисол учун, маълум миқдордаги яхши буғдойга ундан кўпроқ ёмон буғдойни алмаштириш нима учун ҳаром қилинган? Уламоларимиз бунга «чунки бу ишда катта ноаниқлик бор: кимдир зарар кўриши ҳам аниқ. Лекин ким зарар кўради, қанча зарар кўради, билиб бўлмайди», деб жавоб берадилар.
Шунинг учун бундай ҳолатда ўша ёмон буғдойни сотиб, унинг пулига ўша алмаштирмоқчи бўлинаётган яхшироқ буғдой харид қилинади.
Шунингдек, бир жинсдаги икки хил молни алмаштиришда зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бўлажак ҳаром-хариш муомалаларнинг олдини олиш учундир. Чунки бир жинсдаги икки хил нарса, мисол учун, тиллани тиллага алмаштириш унинг сифатидаги, қуйилишидаги, оғирлигидаги ва яна бошқа фарқларни эътиборга олиб, амалга оширилади. Агар бунга рухсат берилса, ғараз ниятли одамлар кейинчалик рибонинг бошқа даражаларига ҳам йўл топадилар. Зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бу эшикни ёпади. Шунинг учун ҳам бу хилдаги муомаланинг ҳаром қилинишидаги ҳикматни тушунишда баъзи кишилар қийналишлари мумкин.
Шу билан бирга, бу нарсаларни алмаштиришда, агар жинси икки хил бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлишни шарт қилишда ҳам, ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Агар алмаштириладиган нарсаларнинг жинси икки хил бўлса, ортиқ-камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин. Чунки агар «Кейин берса ҳам бўлади», дейилса, бу билан рибога йўл очилган бўлади. Мисол учун, бир одам бошқасидан тилла олиб туриб, кейинроқ кумуш қайтариб беришга келишилади. Кейинроқ берса ҳам бўлади, деган рухсат бор бўлса, вақт ўтганлиги учун фойда олишга ўтилади. Масалан, вақт ўтгандан кейин қайтариб бериладиган кумушнинг нархи олинган тилланинг нархидан кўп бўлади. Ана ўша кўп миқдор унга берилган муддатга қараб белгиланади. Бундай рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам баробар гуноҳкор бўладилар.
Тилла билан кумуш алмаштиришда ёмби, яъни ишлов берилмагани ҳам, танга қилиб зарб қилингани ҳам барибир.
Рибовий молларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроқ, ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу иш ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинганлигини олдин ҳам айтиб ўтдик. Чунки одатда одамлар иккита бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар ушбу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап.
Рибовий моллар деб, соъ ва мудд каби оғирлик ўлчови билан ёки миқдори вазн билан белгиланадиган тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз ва бошқа маҳсулотларга айтилади. Ушбу маҳсулотларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас.
Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шунинг учун бир дона тухум икки дона тухумга алмаштирилса бўлади. Чунки бунда икки томон ҳам нима қилаётганини ва молининг миқдори, сифатини жуда аниқ ва яхши билган ҳолда тасарруф қилади. Шу маънода бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat