Мусулмон ва мўмин, муслима ва мўминалар орасида фарқ борми?
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: «Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», дейди («Моида» сураси, 3-оят). Ислом сўзининглуғавий маъносига келсак, бу сўзни луғат илми олимлари, тафсирчилар ва бошқа олимлар чуқур ўрганиб чиққанлар ва бу сўз қуйидаги маъноларни англатишини уқдириб ўтганлар:
1.Ихлос.
2.Турли офатлардан саломат бўлиш.
3. Сулҳ ва омонлик.
4. Итоат ва бўйсуниш. Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради.
Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир.
Шундан мўмин Аллоҳ таолодан келган ақийдага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.
Иймон билан Ислом , мўмин билан мусулмон орасидаги фарқ уламоларимиз Ислом билан Иймон орасидаги алоқа, «қайси бири умумий», деганга ўхшаш саволлар ҳақида узундан-узоқ баҳс қилганлар. Бу мавзу бўйича алоҳида китоб ёзганлари ҳам бор. Лекин гапнинг хулосаси шулки, Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.
1. Ислом асослари – шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборатлиги.
2. Иймоннинг асослари – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.
Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида:
«Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади», деган.
Мана шу маъно мотуридийлар жумҳури ва муҳаққиқ ашъарийларнинг гапидир. Баъзи бир гуруҳлар, иймон билан исломнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Аммо диққат билан қарайдиган бўлсак, ҳар икки гапнинг ҳам ўз ўрни бор.
Иймон билан ислом иккиси бир нарса деганлар луғавий эмас шаръий маънони эътиборга олганлар. Чунки шаръан мўмин бўлмаган мусулмон ёки мусулмон бўлмаган мўмин йўқ. Яъни, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нажот топиш учун инсон мўмин-мусулмон бўлиши керак. Бири билан сифатланиб, иккинчиси билан сифатланмаса бўлмайди.
Иймон билан исломнинг орасида фарқ бор деганлар фақат луғавий маънони эътиборга олганлар.
Солиҳ дегани яхши, одобли шахс дегани.
Тақводор. Тақво йўлини тутган одам дегани.Тақво. (сақланиш, парҳезкорлик, қўрқиш)Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этишлик билан ва савоб ишларни кўплаб содир бўлади. Ислом динини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру ибодат билан машғул бўлиш деб тушунадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан, тақво нима, деб сўраганда, араблар сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар, деганлар. Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳнинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.
Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб тақвони бундай таърифлаганлар: «Тақво–Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилмоқлик ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларни тарк қилмоқликдир».
Жоҳил илмсиз, маърифатсиз, ҳеч нарсани билмайдиган одамдир.