Ассалому алайкум! Агар адвокат айбланувчига ёки гумонланувчига ёҳуд бошқа шахсга ёлғон гап ўргатса, бунинг натижасида ўша шахс ёлғон гап орқали манфаат топиб адвокатга ҳақ берса адвокатни олаётган ҳақи ҳалолми? Пул бераётган инсон ҳам ҳаром иш қилаётган бўладими, бунинг шариатимиздаги хукми қандай?
– Ва алайкум ассалом! Ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабирадир. Шу орқали топган пули ҳаром. Адвокат ҳам пул бераётган тараф ҳам гуноҳда шерикдир. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكَبَائِرِ، قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ». تَابَعَهُ غُنْدَرٌ وَأَبُو عَامِرٍ وَبَهْزٌ وَعَبْدُ الصَّمَدِ عَنْ شُعْبَةَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта гуноҳлар ҳақида сўрашди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар».
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ». وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ، أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ». فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَا يَسْكُتُ
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули» дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтирдилар-да: «Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам! Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!» дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто тўхтамасалар керак, деб қолдим». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!