Ассалому алайкум! Таҳорат қилаётган вақтда юзни соч чиққан жойигача ювиш вақтида кўп сув ишлатиб эҳтиёти сабаб сочимни ичига ҳам сув ўтказишга ҳаракат қилаяпман ва юзни пастки қисмини ювиш вақтида ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолат бўйнимни ҳам тепа қисмини қўшимча ювишга ҳаракат қилаяпман ва натижада кўп сув сарифлаб юборяпман ва кўп вақт қолиб кетаяпман. Қўл ва оёқларимни ювиш вақтида ҳам кўп сув ишлатиб юборяпман яъни қўлимга сув олиб ишқаласам бирон бир жойга сув етиб бормагандек туюлганлиги учун 3 марта ювиб бўлганидан сўнг ҳам бир марта сувни очиб ювиб юбордим. Бу ҳолатларда мен нима қилишим керак? Агар ювиш фарз бўлган азолардан бирига игнани учичалик сув етиб бормаса ва шу ҳолатда намоз ўқиса иймонига зарар етиб қолмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Муболаға қилмай таҳорат қилиш билан кифояланинг. Қолганини васвасадан деб ҳисоблаб, уларга парво қилманг.
عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ لِلْوُضُوءِ شَيْطَانًا يُقَالُ لَهُ الْوَلَهَانُ فَاتَّقُوا وَسْوَاسَ الْمَاءِ.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув васвасасидан сақланинглар», дедилар».
Шарҳ: «Валҳон»нинг луғавий маъноси «ўта берилган» деганидир. Демак, шайтонларнинг ичида кишиларни таҳоратда васваса қилишга ўта берилганлари бор экан. Унинг васвасасидан эса таҳорат ва ғуслни бошлашда «Аъузу биллаҳи» ва «Бисмиллаҳи»ни айтиш билан, эътиборни ва хаёлни бир жойга қўйиб, турли шубҳали фикрлардан узоқда бўлиш билан сақланиш мумкин. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!