Ассалому алайкум! Бир эркак 6 ойлик аёлини талоқ қилса ўша хотини иддаси чиққач (туққандан сўнг) бошқа эрга тегди, аёл иккинчи эрнинг қўшнисини 1 ёшли ўғилчасини эмизса ўша болачага аёлнинг биринчи эри сут ота бўладими ёки иккинчи эрми? Саволни давоми, аёлнинг биринчи эри хам уйланиб қиз фарзанлик бўлди шу қизча дадасининг биринчи хотини эмизган ўғил болага турмушга чиқа оладими? Мабодо қиз ўша болага турмушга чиқиши харом бўлсаю лекин иккала ёш турмуш қурган бўлса бунинг оқибати нима бўлади?
– Ва алайкум ассалом! 1). Биринчи эри сут ота бўлади. Сут қайси эркак сабабли кела бошлаган бўлса ўша унинг сут отаси бўлади.
2). Турмушга чиқа олмайди. Мабодо никоҳ ўқитса ҳам никоҳ бекор. Бирга яшасалар зино қилаётган бўладилар. Ажрашишлари шарт.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ الْحَارِثِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ تَزَوَّجَ ابْنَةً لِأَبِي إِهَابِ بْنِ عَزِيزٍ، فَأَتَتْهُ امْرَأَةٌ فَقَالَتْ: إِنِّي قَدْ أَرْضَعْتُ عُقْبَةَ وَالَّتِي تَزَوَّجَ بِهَا. فَقَالَ لَهَا عُقْبَةُ: مَا أَعْلَمُ أَنَّكِ أَرْضَعْتِنِي وَلَا أَخْبَرْتِنِي. فَرَكِبَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ فَسَأَلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كَيْفَ وَقَدْ قِيلَ». فَفَارَقَهَا عُقْبَةُ، وَنَكَحَتْ زَوْجًا غَيْرَهُ
Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйланди. Шунда бир аёл келиб: «Мен Уқбани ҳам, у уйланган(келин)ни ҳам эмизганман», деди. Уқба унга: «Мени эмизганингни билмайман, менга бунинг хабарини берган ҳам эмассан», деди. Кейин Мадинада турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига уловда бориб, у зотдан сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандай қилиб? Айтилибди-ку ахир?!» дедилар. Шундай қилиб, Уқба у билан ажрашди ва у (қиз) бошқа эрга никоҳланди». (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий").
Имом Бухорий Уқба ибн Ҳорисдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир аёл Уқба розияллоҳу анҳуга «Мен сени ҳам, хотинингни ҳам эмизганман», дебди. Шунда Уқба дарҳол уловини миниб, Маккадан Мадинага қараб йўлга чиқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, билмасдан, эмикдош синглисига уйланиб қўйган, кейин эса эмизган шахс хабар берган одамнинг ҳукми ҳақида сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандай гап?! Бунинг ҳукми айтилган-ку!» деб, икковларини ўша заҳоти ажратдилар. Сўнгра аёл бошқа эрга тегди». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
"Кифоя" китобида қуйидагича келади:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ كِتَابَ اللّهِ عَلَيْكُمْ
Аллоҳ таоло:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. (Нисо сураси, 23-24-оятлар).
Ислом шариати мусулмон эркакларга уйланишни ҳаром қилган тоифалардан баъзилари ушбу оятда баён қилинган.
Ислом шариатида улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳи маълум тоифа эркакларга ҳаром қилинган. Шуларнинг ҳаммаси эмикдошлик орқали бўлганда ҳам.
«...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз...»нинг никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, аёлнинг эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الْوِلَادَةِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Туғишганлик, яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо.
وَرُغِّبَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فيِ نِكَاحِ بِنْتِ عَمِّهِ حَمْزَةَ، فَقَالَ إِنَّهَا لَا تَحِلُّ لِي، إِنَّهَا ابْنَةُ أَخِي مِنَ الرَّضَاعَةِ، وَيَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الرَّحِمِ رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амакилари Ҳамзанинг қизини никоҳлаб олиш тарғиб қилинди. Шунда у зот:
«У (қиз) менга ҳалол бўлмайди, чунки у эмикдош акамнинг қизидир. Қариндошлик туфайли ҳаром бўлганлар эмикдошлик туфайли ҳам ҳаром бўладилар», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида ўз амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни эмизган аёлни эмган эдилар. Улар бир-бирлари билан эмикдош ака-ука эдилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизларига уйланишдан бош тортдилар. Бу иш худди насабий аканинг қизига уйланишдек ҳаром эканини баён этдилар. Валлоҳу аълам!