Ассалому алайкум! Қўшним инсульт дардига чалиниб, ҳассага таяниб юради. У киши иккинчи груҳ ногирони. Унга “Аллоҳ имкон бераяпти, тавба қилиб қолинг, жонингизни олиб қўйиши мумкин эди, намоз ўқиб қолинг” деб анчадан бери тушунтираман. У киши эса унамаяпти, шунда мен “50.000 минг сўм берсам ўқийсизми” десам, “Ҳа ўқийман” деди. Шундай йўл тутсам бўладими? Бу қилган ишим билан савобга эришаманми?
Ва алайкум ассалом! Агар ўша қилган ишингиз унинг намоз ўқишига сабаб бўладиган бўлса, ҳар бир ўқиган намозидан унга берилган савоб мислича сизга ҳам бўлади.
ЯХШИЛИККА ДАЛОЛАТ ҚИЛУВЧИ УНИ ҚИЛУВЧИГА ЎХШАШДИР
- عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ الْأَنْصَارِيِّ رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أُبْدِعَ بِي فَاحْمِلْنِي، قَالَ: لَا أَجِدُ مَا أَحْمِلُكَ عَلَيْهِ وَلَكِنِ ائْتِ فُلَانًا فَلَعَلَّهُ أَنْ يَحْمِلَكَ، فَأَتَاهُ فَحَمَلَهُ، فَأَتَى النَّبِىَّ صلي الله عليه وسلم فَأَخْبَرَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم: مَنْ دَلَّ عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَاللهُ تَعَالَى أَعْلَمُ.
4480. Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Йўлим кесилди, мени миндиринг», деди.
«Менда сени миндирадиган нарса йўқ. Лекин фалончининг олдига бор. Эҳтимол, у сени миндирар», дедилар.
Бас, унинг олдига борди. У унга мингани нарса берди. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, хабарни айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким яхшиликка далолат қилса, унга ўшани қилувчининг мислича ажр бор», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ таоло билгувчироқдир.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан улов сўраган саҳобийнинг исмлари Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳу экан. Бу ҳадиси шариф яхшилик бобида катта қоидадир. Ким бир яхшиликка далолат қилиб, одамларни ўша ишга тарғиб этса, ўргатса, ўша яхшиликни қилган қанча савоб олса, унга далолат этган ҳам шунча савоб олар экан.
Уламо аҳли «Устозлар, муршидлар, уламо ва муаллифлар бу борада пешқадам кишилардир. Улардан таълим ва маълумот олганлар қилган яхшиликлари учун қанча савоб олсалар, улар ҳам шунча савоб оладилар», деганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.