Ассалому алайкум! Ҳаммамизга маълумки шариатда оқ қилиш бор нарса. Агар ота ўз фарзандини оқ қилса, қиёматда оқ қилгани учун, аниқроғи шундай фарзанд тарбия қилганлиги боис, иккаласи ҳам бирдек гуноҳкор бўлади деб эшитиб қолдим. Шу гап ростми? Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдига бир ота ўғлини олиб келиб: «Бу ўғлим менга оқ бўлди», деди. Ҳазрати Умар ўғилга: «Отангга оқ бўлишда Аллоҳдан қўрқмайсанми?» деб гапирди. Шунда ўғли: «Эй ҳазрат! Ўғилнинг отада хаққи йўқми?» деди. Ҳазрати Умар: “Ҳа бор!” деб юқоридагиларни санадилар. Шунда ўғил: «Аллоҳга қасамки Отам менга Жуъал (кўршапалак) деб исм қўйди, бу сабаб мен дўстларим орасида доимо масxара бўлиб келдим. Отам менга илмдан бирор нарса ўргатмади. Дўстларим бир неча фарзандли бўлишди ҳамки, отам мени уйлантирмади, отам ўзининг бурчларидан бирортасини бажармади», деди. Ҳазрати Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, унинг отасига қараб: «Ўғлимни оқ қилдим, дейсан, у сени оқ қилибди, йўқолгин мени олдимдан!” деди.
Агар ота ҳам юқоридаги ҳадисдаги каби бўлса, қиёматда у ҳам жавобгарликка тортилади. Валлоҳу аълам.